“ИШИД”ми ёки ДАИШ?


  • 11 Декабрь, 2015
  • 1399

Яқиндан бошлаб Россия матбуоти, у хоҳ давлатга қарашли, хоҳ ноҳукумат матбуоти бўлсин, Ислом давлати (ёки ИШИД)ни ДАИШ атамаси билан ифода этишга ўтди. Ундан аввалроқ эса Франция президенти Франсуа Олланд , Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва бошқа хорижий журналистлар барча террорчиларни шу ном билан атай бошлаган эди. Маълум бўлишича, баҳор ойларидаёқ Россия Динлараро кенгаши ҳукуматга мурожаат қилиб, “Ислом давлати” деган иборани “ДАИШ” га ўзгартириш таклифи билан чиққан экан. Аммо ўшанда бу илтимосга эътибор қаратилмаган.

Бир жиҳатдан Яқин Шарқда фаолият юритаётган террор гуруҳини араб тилида талқин қилинганидек, ДАИШ («ад-Давлат аль-Исламийя филь-Ироқ ваш-Шом») деб аташ тўғрироқ бўлади. ДАИШ – аслида “Ироқ ва Шом ислом давлати” деган маънони англатса-да, қисқартириб фақат, аббревиатура қўлланилганда ҳақоратли «даюс» деган маънони беради. Арабчада Daesh (داعس), қабиҳ ниятли инсонларга нисбатан ишлатилади. Ахир “Ислом давлат”и ҳам бузғунчилик билан шуғулланиб келаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Шу сабабли, НАТО, БРИКС, АСЕАН каби аббревиатуралар асл ҳолида қўлланилгани каби, ДАИШни ҳам араб тилида талқин қилинганидек ишлатиш мақсадга мувофиқ. “Ислом давлати” атамаси, бу - ислом дини ва мусулмонларга нисбатан ҳақоратдир.

Қолаверса, пойтахти ҳам, валютасию аниқ ҳудуд ва чегаралари ҳам бўлмаган, келажакда бирор бир маамлакат тан олмайдиган террор ташкилотига «давлат» иборасини ҳам қўллаш тўғри бўлмаса керак. Жиноий ташкилотнинг исломга ҳам, давлатга ҳам мутлақо алоқаси йўқлиги кундек равшан-ку.

Ироқ ва Суриянинг маълум ҳудудларини эгаллаб олган террорчилар радикал нуқтаи назаридаги давлатни барпо этмоқчи. Агар биз уларни “Ислом давлати” деб атайдиган бўлсак, уларнинг ғояларини тарғиб-ташвиқот қилаётган бўлмаймизми?

Шунингдек, бу ташкилот шариат қоидаларига амал қилиб фаолият юритаётганига ҳам ҳеч ким ишонмаяпти. Ислом динида тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, болалардан урушда фойдаланиш қатьиян тақиқланади. ДАИШ эса ислом тақиқлаган амалларни қилмоқда. Уларни “Ислом давлати” деб эмас, минтақадаги бошбошдоқликдан фойдаланиб қолаётган террор гуруҳи деб аташ тўғрироқ бўлади.

ДАИШ ва унинг атрофида юз бераётган воқеалардан кўпроқ мусулмонлар азият чекмоқда. Бугунги кунда дунёда ислом деганда кесилган каллалар, қотилликлар, портлашлар, хунрезриклар тушуниладиган бўлиб қолди...

Айни пайтда ДАИШ қисқартмаси террорчилар учун ҳақоратли эканини уларнинг ўзлари ҳам ангаб етгани хақида ёзилмоқда. Айнан шу сабаб хам бу ташкилотни ДАИШ деб атайвериш керак.

“Ислом давлати” атамасига қарши бўлган араб давлатлари 2013 йилдаёқ ДАИШ иборасини муамолага киритишган. Ғарб дунёсида илк бор бу атама Франция расмийлари томонидан қўлланилди. 2014 йилнинг сентябрида ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус “Ислом давлати” атамасини ишлатишдан воз кечишга чақирди. Унинг фикрича, “Ислом давлати”ни ислом ва мусулмонларга мутлоқо алоқаси йўқ. «Араблар уларни ДАИШ деб аташади, мен ҳам террорчи каллакесарларга нисбатан шу иборани ишлатаман», - деган эди Лоран Фабиус. 2015 йилнинг январь ойида Австралиянинг собиқ бош вазири Тони Эббот, шу йилнинг 2 декабрида Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон мана шу аббревиатурани ишлатиш тарафдори экани ҳақида баёнот беришди.

Бир қатор кузатувчиларнинг айтишича, “Ислом Давлати” дегандан кўра “ДАИШ” атамасини қўллаш террорчиларга қарши курашга катта кўмак кўрсатилган бўлади.

Шарофиддин Тўлаганов

Kun.uz сайтидан олинди.


Бошқа мақолалар