АҚШ боғчасида Хитой ўйини


  • 14 Апрель, 2023
  • 424

Хитой воситачилигида Эрон ва Саудия ўзаро элчихоналари очилиши, икки ўлка орасидаги парвозларнинг янгидан тикланиши ва ўзаро визаларнинг қулайлаштирилиши бўйича келишди. Йиллар мобайнида ваколат уруши олиб борган икки ўлка Ўрта Шарқда барқарорлик ва хавфсизликнинг аҳамиятини таъкидлади. Бири АҚШнинг энг катта душманларидан, наригиси муҳим иттифоқдошларидан бўлган икки ўлка орасидаги музларни Хитойнинг эритиши Ўрта Шарқда янги давр бошланаётганига ишорами? Хитой АҚШнинг Ўрта Шарқдаги “тартиб ўрнатувчи” ролини синдирдими?

Эрон ва Саудия Арабистон тарихий келишувга имзо чекди. Ўрта Шарқнинг икки йирик нефть қазиб олувчиси 7 йил давом этган совуқчиликни тугатиб, элчихоналарини қайта очиш бўйича келишиб олдилар. Хўш, бунга воситачи ким бўлди деб ўйлайсиз? АҚШ гегемониясига уруш очган Хитой. Келишув Пекинда ўтказилган учрашувлар ортидан келди. Шу тариқа Хитой АҚШнинг “тартиб ўрнатувчи” ролини ўз қўлига олмоқда.

Саудия янги даврда ғарбдан мустақил ташқи сиёсат олиб боришга қарорли кўринмоқда. АҚШнинг энг муҳим иттифоқдошларидан бўлишига қарамай АҚШ билан  узоқ йиллардан буён дипломатик ва иқтисодий уруш олиб бораётган Эрон билан алоқаларни қайта тиклаши Саудия Арабистоннинг ташқи сиёсатда бошқача иш олиб бораётганини кўрсатмоқда.  

Аслида Хитой бошчилигида Эрон билан дўстона алоқаларни ривожлантиришни исташи Саудия Арабистон учун ҳам минтақавий, ҳам глобал жиҳатдан манфаатли фурсатдир. Чунки ҳам АҚШнинг глобал маънода энг катта рақиби Хитойни мувозанатлайди, ҳам минтақавий маънода юз бериши мумкин бўлган тўқнашувлардан келадиган йўқотишларини камайтиради.  

Ҳатто Саудия ташқи ишлар вазири принц Файсал бин Фархон “Хитой бизнинг энг катта тижорат шеригимиз. Айни вақтда кўплаб ўлканинг йирик тижорат шеригидир. Бу тан олишимиз керак бўлган ҳақиқатдир. Хитой билан кўплаб соҳаларда мукаммал иш алоқаларимиз бор. Лекин шуни яна такрорлашимиз керакки, биз ўз манфаатларимизга кўра иш тутамиз. Биз уларни  ғарбдан ҳам, шарқдан  ҳам излаймиз” деб таъкидлади.

 70 йилдан ортиқ муддат АҚШ иттифоқдоши бўлган Саудия билан алоқаларнинг сўнгги вақтларда нефть туфайли йўққа чиқишининг ҳам бу келишувда таъсири бўлгани аниқ. 

Эрон билан Саудия орасидаги бирлашув Ўрта Шарқда ислом байроғи остида янги бир куч маркази шаклланишини кўрсатмоқда. Халқаро сиёсатда мувозанатни бузиб юборадиган бундай келишув Исроилни ва АҚШдаги яҳудий лобиларини ҳаракатга туширади.  

Хуллас, Эрон-Саудия Арабистон алоқаларининг нормаллашуви хоҳ глобал сиёсат, хоҳ Ўрта Шарқ сиёсати жиҳатидан янги бир тенгламани юзага келтирмоқда. Ушбу тенгламада Хитойнинг халқаро нуфузи ва Ўрта Шарқдаги роли ортиб, АҚШнинг таъсири камаймоқда. Шунингдек  минтақадаги куч мувозанати ва ўлкалар орасидаги иттифоқлар ҳам янгидан шаклланмоқда.


Бошқа мақолалар