Пул ўтказмалари ва QR-тўловлар


  • 22 Май, 2025
  • 58

Қозоғистонда яқин кунларда телефон рақами орқали турли банклар ўртасида пул ўтказмалари амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Бу ҳақда Миллий банк раисининг ўринбосари Берик Шолпанғулов маълум қилди. Ҳозирда Миллий тўлов корпорацияси янги тизимга банкларни босқичма-босқич уламоқда.

“Тўққизта банк билан шартномалар тузилган. Улар — «Халқ банк», «Банк ЦентрКредит», Freedom Bank, Altyn Bank, RBK, Bereke, Forte, Home Credit Bank ва «Нурбанк». Шартнома тузилиши — бу банклар аллақачон ишлаб чиқиш ва техник уланишни бошлаганини англатади”, — деди Шолпанғулов.

Унинг сўзларига кўра, телефон рақами орқали банклараро пул ўтказмаларини амалга ошириш биринчи бешта банк мижозлари учун июн ойида йўлга қўйилади. Булар — «Халқ банк», Freedom Bank, Altyn Bank, RBK ва Home Credit Bank. Қолган банклар босқичма-босқич уланади.

У шунингдек, янги тизимнинг аҳамияти фақат рақам орқали осон ўтказмалар эмас, балки QR-код орқали банклараро ҳисоб-китобни таъминлашда ҳам эканини таъкидлади.

“Ўтган йили биз бу тизимни яратдик ва ҳозирча улаш жараёни давом этмоқда. Бу технологик жараён бўлиб, кўп жиҳатлар банкларнинг тайёрлик даражасига боғлиқ. Айрим банкларда IT-инфратузилмаси мураккаб, шунинг учун муддатлар узаяпти. Лекин, ҳисоботларда айтилганидек, йил охиригача тўлиқ жорий этишни мақсад қилганмиз”, — деди Шолпанғулов.

Миллий банк вакилининг сўзларига кўра, ягона QR-коддан фойдаланиш ҳам одатий банк иловалари каби қулай бўлади.

“Бу худди ўзингизнинг мобил банк иловангиз бўлади. Масалан, сиз А банки мижозисиз ва дўконга бордингиз. У ерда B банкига тегишли терминал турибди. Сиз ўз иловангиздан QR-кодни сканерлаш орқали тўловни амалга ошира оласиз”, — деди у.

Ҳозирги пайтда QR орқали тўловлар фақат бир банк ичида амалга оширилиши мумкин. Янги тизим эса мижозларга кўпроқ эркинлик беради.

“Бу сиз учун шундай қулайлик берадики, қайси банкни хоҳласангиз, ўша банк иловасидан фойдаланиб, исталган терминалда тўлов қилсангиз бўлади”, — деди Шолпанғулов.

Тарифлар борасида Миллий банк раисининг ўринбосари комиссиялар масаласи — бу бозор механизми эканини таъкидлади.

“Энди тарифлар, бепуллик ва ҳ.к. масалалари — бозор масаласи. Биз тушунамизки, банклар, процессинг марказлари ва бошқа ташкилотлар томонидан белгиланадиган комиссиялар қиммат инфратузилмани — серверларни сақлаш учун кетади. Шунинг учун бу бозор, улар ўзаро рақобатлашади, биз бевосита бу шартларга аралашмаймиз”, — деди у.

Шунга қарамай, Миллий банк ҳузурида махсус тариф кенгаши ташкил этилган бўлиб, у ерда банклар билан тўловларнинг аҳоли учун мавжудлиги муҳокама қилинмоқда. Унинг таъкидлашича, комиссияларни пасайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

“Банклар комиссиялари бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлар учун комиссиялар, одатда, икки қисмдан ташкил топади: интерчейндж ставкасидан ва банкнинг тўғридан-тўғри комиссиясидан. Интерчейндж ставкаси — бу Миллий банк, миллий тўлов корпорацияси ва халқаро тўлов тизимлари билан ҳамкорлик учун тўланадиган ҳақ. Бу ставка камайтирилди”, — деди у.

Унинг сўзларига кўра, рақобат туфайли бозорда комиссиялар камаймоқда.

“Рақобат туфайли улар (комиссиялар) пасаймоқда ва ягона QR-тўлов тизими ҳам шу йўналишга мос равишда ишлайди. Лекин бу, ягона QR орқали тўловлар мутлақо бепул бўлади дегани эмас. Бу масала ҳали муҳокама қилинмоқда. Аммо истеъмолчилар учун, ҳозиргидек, у бепул бўлиб қолади”, — деб хулоса қилди Берик Шолпанғулов.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 15 ноябрда Миллий банк ва Миллий тўлов корпорацияси Қозоғистондаги барча банклар учун мўлжалланган ягона QR-кодли тўлов тизимини тақдим этган эди.

Кейинроқ, Миллий банк раиси ушбу ягона QR-кодли тўлов тизими қандай ишлашини ҳам тушунтирган.


Бошқа мақолалар