Буюк Британия ЕИнинг инқирозини бошлаб бермоқчи


  • 19 Декабрь, 2015
  • 1508

2018 йилгача Буюк Британия ЕИдаги тақдирини аниқ белгилаб олиши лозим. Мамлакатни умумхалқ референдуми кутмоқда.

Буюк Британия Европа Иттифоқидан расман чиқиш бўйича референдум ўтказишга қарор қилди. Бу борада Британия парламенти куни кеча қонун қабул қилди, дейди Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонд. Бу ҳақда Time журналининг интернет саҳифаси хабар бермоқда.

Буюк Британия ҳукумати Парламентга мамлакатнинг Европа Иттифоқини тарк этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жорий йилнинг май ойида тақдим этган эди. Вазирнинг сўзларига кўра, парламент томонидан қўллаб-қувватланган мазкур қонун лойиҳаси қироллик санкцияси билан тасдиқланди. Шу дақиқадан бошлаб, ушбу қонун расман кучга кирди. Референдум 2017 йилнинг 31 декабридан кечиктирмай ўтказилиши кераклиги белгилаб олинди.

Буюк Британия Бош вазири Девид Кемерон референдумгача мамлакатнинг Европа Иттифоқидаги аъзолигининг шаклини ўзгартиришга ҳаракат қилади.

Шунингдек, қироллик давлати Иттифоқда бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини таъкидлаяпти. ЕИдаги ҳамкорлар билан музокаралар тўртта жабҳани ўз ичига олиши кўзда тутиляпти: рақобат, суверенитет, ижтимоий сиёсат, иқтисодий бошқарув.

Маълумотнома

Буюк Британия Европа Иттифоқига доим шубҳа ва ишончсизлик кўзи билан қараган. У Иттифоқ асосчиларидан бири ҳисобланмайди. Европа Иттифоқига 1951 йилда Франция, Германия, Белгия, Нидерландия, Люксембург ва Италия томонидан тамал тоши қўйилган бўлса, ҳозирда унинг муҳим аъзоларидан бири бўлган Буюк Британия унга бор-йўғи 1973 йилда қўшилган. Ўшанда ҳам бирлашманинг барча дастурлари ва лойиҳаларига қўшилган эмас. ЕИ мукаммаллашиб бориши билан Британиянинг ундан узоқлашиш жараёни кучайиб боради. Бирлашган қироллик ЕИнинг энг йирик лойиҳаларидан бўлган аъзо давлатлар орасида виза тизимини бекор қилишни назарда тутувчи Шенген келишувлари (1995) ва ягона валюта тизимини ўрнатган Еврозона (1999) га аъзо бўлмади. Британия ўзининг фунт стерлингига содиқлигича қолаверди. У 2013 йилда жорий этилган умумий бюджет ва солиқ тизимини ҳам қўллаб-қувватламади. 2015 йилда вазият шу даражага бориб етдики, ЕИ Буюк Британия учун энди керак бўлмай қолди.

Британияликларнинг интеграция жараёнларига қарши кайфиятлари ҳам тарихий омилга, ҳам ЕИ билан ўзаро алоқаларга боғлиқ. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Буюк Британия 15 йил давомида Европа қитъасидаги бирлашув жараёнларининг ашаддий душмани бўлиб келган. Кейинчилик мамлакат сиёсий арбоблари Иттифоққа қўшилмай туриб, унга қаршилик қила олмасликларини тушуниб етишган. Бундан ташқари Британиянинг Норвегия, Швеция, Швейцария, Австрия ва Португалия билан ЕИга муқобил қилиб тузган бирлашмаси инқирозга юз тутди. Қиролликнинг халқаро майдондаги мавқеи четда турсин, Европадаги обрўйи ҳам жадаллик билан пасая бошлаган. Буюк Британия кўпроқ иқтисодий эмас, балки сиёсий манфаатларидан келиб чиқиб ЕИга қўшилган. Қўшилиш Британия расмий доиралари орасида кучли норозиликка сабаб бўлди. Бу орада Британия учун катта зарба бўлган мустамлакачилик тизимининг емирилиш жараёни авжига чиқди. Шунинг учун ҳам Британия арбобларининг кўпчилиги расмий Лондоннинг интеграциядан кўра муҳимроқ вазифалари борлиги ҳақида гапира бошлашди. Шундай қилиб, Буюк Британия ЕИга “иложсизликдан қўшилган ҳамкор” сифатида тарихда қолди.

Чорак аср давомида Буюк Британия томонидан ҳеч қандай йирик ташаббус янграгани йўқ. Аксинча, ЕИда интеграцияни мустаҳкамлаш учун таклифлар илгари сурилганда, Британия доим унга тўсқинлик қилишга ҳаракат қилган.

Ҳозирги босқичда ЕИ ва Буюк Британия ўртасида бир қатор қарама-қаршиликлар мавжуд. Улардан бири Европанингэмигрантлар бўйича сиёсатидир. Бу вазиятда гап, биринчи навбатда, Европани қамраб олган қочқинлар инқирози ҳақида кетмоқда. Айнан мазкур зиддият, охир-оқибат, Кемеронни референдум масаласини кун тартибига олиб чиқишга мажбур қилди.

ЕИнинг умумий эмиграцион тартиби Европага кириб келаётган қонуний ва ноқонуний муҳожирлар устидан ягона сиёсат олиб боришни назарда тутади. Агар Буюк Британия ушбу сиёсатга қўшилса, қочқинлар Британияни ҳам қуршаб олиши бор гап. Ҳозирда ЕИ аъзоларидан Британия қочқинлар оқимидан зарар кўрмаётган ягона давлат бўлиб қолмоқда. Кемероннинг таклифига кўра,эмигрантларнинг миқдорига йиллик чекловлар ўрнатиш лозим. Аммо умумий эмиграцион сиёсатга кўра Буюк Британия, ЕИнинг бошқа аъзолари сингари, ягона йўналишни қўллаб-қувватлаши жоиз.

Шу ўринга келганда, Британиянинг сабри тугаб бўлди. Иттифоқдан чиқиш эшиклари ёнида узун навбат юзага келган. Ушбу эшикнинг очилиш ёки очилмаслигини кўриш учун бўлажак референдум натижаларини кутушимизга тўғри келади. Агар Британия фуқаролари ушбу эшикни очиб, чиқиб кетса, бу ҳодиса Иттифоққа қақшатқич зарба бўлиши мумкин. Биринчи навбатда, ЕИнинг халқаро майдондаги, кейин эса Европа қитъасидаги мавқеига жиддий путур етиши ҳеч гап эмас. Муҳим давлатларнинг биридан ажралиш кўпчиликнинг кўз ўнгида ЕИни замоннинг янги хавф ва чақириқларига тайёр эмаслигини кўрсатиб беради. Қолаверса, ЕИ молиявий инқироздан тўлиқ халос бўлгани йўқ. Греция, Италия, Ирландия, Испания, Португалияда давом этаётган иқтисодий тушкунлик “дард устига чипқон” бўлиши тайин. Ушбу давлатларнинг ўз “эшик”ларини қидириб қолмаслигига ким кафил? ЕИнинг чиқиш эшиги давлатлар оқимига дош бера олмаса, ярим аср давомида қурилган умумий макон парчаланиб кетиши ҳеч гап эмас.

www.qalampir.uz сайтидан олинди.


Бошқа мақолалар