Трамп Қозоғистон маҳсулотларига 25 фоизлик бож эълон қилди


  • 8 Июль, 2025
  • 22

2025 йил 7 июл, душанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга расмий мактуб йўллаб, 2025 йил 1 августдан бошлаб Қозоғистондан АҚШга импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 25 фоиз миқдорида бож тўлови жорий этилишини маълум қилди.

Оқ уй раҳбари ушбу мактуб матнини Truth Social платформасидаги саҳифасида эълон қилган.

“2025 йил 1 августдан бошлаб Қозоғистондан келаётган барча маҳсулотларга умумий 25 фоизлик бож жорий этилади. Бу тартиб соҳавий бож тўловларидан мустақил равишда амалга оширилади”, — дейилади мактубда.

Трамп бу қарор АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги мустаҳкам савдо муносабатларини намоён этишини таъкидлаб, Вашингтон Қозоғистон билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат бир неча йиллар давомида савдо муносабатларини муҳокама қилиб келган, аммо энди АҚШ узоқ муддатли савдо камомадига қарши қатъий чоралар кўришни зарур деб ҳисобламоқда. Бунда АҚШ ҳудудида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар бождан озод этилади.

“Агар сиз бож тўловларини жорий этишга қарор қилсангиз, улар қандай миқдорда бўлишидан қатъи назар, ушбу сумма бизнинг 25 фоизлик божимизга қўшилади. Илтимос, тушуниб етинг: ушбу чоралар савдо тўсиқларини бартараф этиш учун зарур. Савдо номутаносиблиги мамлакатимиз иқтисодиёти ва миллий хавфсизлиги учун жиддий таҳдид саналади”, — дейилади Трамп мактубида.

Маълумотларга кўра, Трамп шунга ўхшаш мактубларни Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Тунис каби 10 дан ортиқ давлат раҳбарларига ҳам йўллаган. 1 августдан улар учун ҳам 25 фоизлик бож тўловлари жорий этилади. Жанубий Африка, Босния ва Герцеговина учун — 30 фоиз, Сербия ва Бангладеш учун — 35 фоиз, Индонезия учун — 32 фоиз, Лаос ва Мьянма учун — 40 фоизлик божлар белгиланган.

Жорий йил апрель ойи бошларида Трамп 185 та давлатдан келадиган импорт маҳсулотлар учун бож тўловларини кескин ошириш режасини эълон қилган эди. Минимал ставка 10 фоизни ташкил этиб, 5 апрелдан амалга кириши керак эди, бироқ кейинроқ бу тартиб 90 кунга кечиктирилган.

Қозоғистон Марказий Осиёда юкори ставка — 27 фоизлик бож жорий қилинган ягона давлатга айланди. Ўшанда Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин АҚШнинг мазкур божлари мамлакат экспортининг тахминан 5 фоизи, яъни 100 миллион доллар атрофидаги ҳажмига таъсир қилиши мумкинлигини маълум қилган.


Бошқа мақолалар