- 2024-01-23
Президент Ислом Каримов ҳукумат олдига 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириш вазифасини қўйган.
Бу ҳақда Президент 15 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг Тошкентда ўтган мажлисида гапирган.
Жаҳон Банкига кўра, 2014 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 62 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.
Киши бошига ЯИМ ҳажми эса қарийб 1900 долларга тенг бўлган. Бу Қозоғистондагидан (11850 доллар) 6 баробар кам демакдир. Қозоғистоннинг 2014 йилдаги ЯИМ ҳажми 217 миллиард долларни ташкил этган.
Агар ҳукумат Президент қўйган вазифани адо этса, 2030 йилда Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳажми Қозоғистоннинг ҳозирги даромадининг ярмича бўлади. Ёки яна давлат раҳбари берган рақамларга таянилса, Ўзбекистон Қозоғистоннинг бугунги даражасига етиб олиши учун камида 25 йил керак бўлади.
Президент Каримов 2015 йил якунларига бағишланган маърузасида Ўзбекистон эришган ютуқларнинг узундан-узоқ рўйхатини келтирган. Жумладан, 2015 йилда қарийб 1 миллион иш ўрни билан таъминланганлигини, 280 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилгани, аҳоли даромадлари 9,6 фоизга ошгани ва ҳоказо.
Президентнинг айтишича, ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилларга эга ва ҳар 47 та оила шахсий компьютерлар билан таъминланган.
"Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин", - деган Президент.
Унинг сўзларига кўра, "бошқалар ҳавас қиладиган бундай натижаларга эришиш осон эмас". Президентнинг фикрича, буларнинг ҳаммаси дунёда "Ўзбек модели" дея тан олинган ривожланиш йўлининг самарали эканини яна бир бор тасдиқлайди. "Ўзбек модели"нинг асосий тамойилларидан бири давлатнинг бош ислоҳотчилик ролидир.
Таҳлилчилар бунинг амалда совет давридаги режа иқтисодиётидан фарқ қилмаслигини айтишади.
Ҳар йили миллионлаб ўзбекистонликлар иш излаб Россия ва Қозоғистон каби давлатларга кўл оладилар.
Ўзбекистон собиқ совет ҳудудида валютанинг қора бозори амал қилаётган ягона давлатдир. Ўтган йили Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистонни валюта чекловларини бекор қилишга чақирган.