Назарбоев ва Эрдўғондан муштарак баёнот


  • 14 Апрель, 2016
  • 1305

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Туркия президенти Эрдўғон билан учрашуви ортидан “Исломий яқинлашишга оид ҳамкор баёнот” сарлавҳали бир матн эълон қилинди. Баёнотда “Ислом ҳамкорлиги ташкилоти аъзоси бўлган давлатларини исломий яқинлашишни қўллаб-қувватлашга ва келгуси йилларда ислом уммати учун янги бир сиёсий платформа сифатида баҳолашга чақирамиз” дейилди.

Туркия президент матбуот маркази тарафидан эълон қилинган 8 моддалик баёнот қуйидагича:

1. БМТ ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) томонидан қабул қилинган "ҳар давлатнинг миллий чегараларининг муқаддаслиги, дахлсизлиги ва озодлигига ҳурмат, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, давлатлар орасидаги тўқнашув ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этилиши" борасидаги асосий тамойилларига қўшиламиз.

2. Исломий бирдамлик руҳига боғлиқлигимизни қувватли бир шаклда таъкидлаймиз. ИҲТ аъзоларини, давлатлараро тўқнашув ва келишмовчиликларнинг ечими борасида масалаларга доимо яхши ният ва ижобий ёндошишга, Ислом дунёсидаги алоқаларда янги бир парадигма ишлаб чиқишга чақирамиз.

3. ИҲТ аъзоларини, Ислом дунёсида давлатлараро муаммоларга "муштарак қадрият ва манфаатимиз" деб қарашни асос қилиб олувчи янгича муносабат жараёнига ўтишга чақирамиз.

4. ИҲТ аъзоларини, Исломий яқинлашишни қўллаб-қувватлашга ва келгуси йилларда бу муносабатларни Ислом уммати учун янги сиёсий платформа сифатида баҳолашга чақирамиз.

5. Исломий яқинлашиш даврининг ривожланиши борасида БМТ ва ИҲТнинг халқаро тўқнашувларнинг олдини олиш ва уларни тинч йўллар билан ҳал этишдаги марказ ролини, айниқса ИҲТнинг Исломий яқинлашиш даврини ривожлантиришда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан амалга оширадиган ҳамкорлигини мамнуният билан қарши оламиз.

6. ИҲТга Исломий яқинлашиш жараёнини олиб боришда етакчилик вазифасини таклиф қилиб, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) бош котибидан ушбу вазиятни синчиклаб ўрганиб чиқишини сўраймиз.

7. "Исломий яқинлашиш" мавзусини ИҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва президентлар, бошвазирлар саммитининг давомий кун тартибига олинишини таклиф қиламиз.

8. ИҲТ аъзоси давлатларни, халқаро алоқалардаги тарангликни юмшатиш ва мавжуд муаммоларни турли консультация механизмлари, дипломатик потенциалдан фойдаланиб, парламетлараро диалог, нодавлат ташкилотларидан фойдаланиб, ўз ҳиссаларини қўшишга чақирамиз. 


Бошқа мақолалар