Эрондан Исроил ва Кўрфазга огоҳлантириш


  • 23 Март, 2026
  • 11

Эрон президенти Пезешкианнинг ёрдамчиси Исмоил Секаб Исфаҳоний, АҚШ президенти Трампнинг “Эроннинг электр станцияларига зарба берамиз” деган таҳдидига жавобан Исроил ва Кўрфаз давлатларини огоҳлантирди: “48 соат ичида сув захиралаб қўйинг ва телефонларингизни қувватлантириб олинг”.

АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳурмуз бўғози масаласида Теҳрон маъмуриятига юзланиб: “Агар Эрон 48 соат ичида бўғозни ҳеч қандай таҳдидсиз очмаса, АҚШ Эроннинг электр станцияларига зарба беради”, деган эди. Бу кескинлик минтақадаги энергия хавфсизлиги ва халқаро дипломатик тарангликни янада оширди.

Трампнинг ушбу сўзларига Эрон томонидан кетма-кет муносабатлар билдирилаётган бир пайтда, Эрон президенти Масъуд Пезешкианнинг ёрдамчиси Исмоил Секаб Исфаҳоний ҳам Трампнинг таҳдидига ижтимоий тармоқ орқали жавоб қайтарди.

Секаб Исфаҳоний ўзининг “X” аккаунтидаги постида Исроил ва Кўрфаз давлатлари халқига қарата: “48 соат ичида сув захиралаб, телефонларингизни қувватлантириб олинг”, дея огоҳлантириш берди.

Секаб Исфаҳоний Ҳурмуз бўғозидаги воқеалар Трампни босим остида қолдираётганини иддао қилиб, Эроннинг эҳтимолий ҳужумлари АҚШ ва Исроил инфратузилмасига таҳдид солишини таъкидлади. У ушбу ҳужумлар АҚШни янада оғирроқ босим остига қўйишини илгари сурди.

Бошқа томондан, Эрон президентининг биринчи ўринбосари Муҳаммад Ризо Ориф ҳам мавзуга доир баёнотида, Эрон инфратузилмасига қилинадиган ҳужум минтақада кенг кўламли электр узилишларига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Эрон Парламенти раиси Муҳаммад Бақир Қолиоф ҳам ижтимоий тармоқ орқали кескин баёнот берди. Қолиоф: “Агар мамлакатимиздаги инфратузилмалар нишонга олинса, минтақадаги энергия ва ҳаётий муҳим объектлар қонуний нишонга айланади ҳамда қайта тикланмайдиган даражада йўқ қилинади. Нефть нархлари ҳам узоқ вақт давомида юқори даражада қолади”, деган фикрларни билдирди.

Қолиоф, шунингдек, қарши томоннинг ҳамлалари пучга чиқарилишини ва режалари самарасиз ҳолга келтирилишини алоҳида таъкидлади.


Бошқа мақолалар