- 2020-01-13
Францияда меҳнат тўғрисидаги қонунга қарши норозилик намойишлари уюштирилди.
500 минг киши иштирок этган намойишда 300 дан ортиқ автомобилларга ўт қўйилди. 24 нафари полиция ходими бўлиб, жами 60 киши жароҳат олди.
Францияда янги тайёрланган меҳнат тўғрисидаги қонунга норозиликлар тоборо ортмоқда. Сўнгги икки кунда Париж ва атрофидаги 500 минг киши иштирок этган норозилик намойишларининг оқибати оғир бўлди. Полиция кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган бўлса, намойишчилар ҳам уларга қарши тош ва шиша идишлар билан ҳужум қилишди. Ҳукумат вакиллари 11 нафари оғир ҳолатда жами 24 нафар полиция ходми тан жароҳати олганини маълум қилди.
Париж полицияси ҳаддан ташқари ортиқча куч ишлатиб, 160 нафар намойишчини ҳибсга олди. Париждан кейин Рен ва Марсель шаҳарларида ҳам намойишлар бўлиб ўтди. Лекин Парижда қизиқ бир ҳодиса назардан четда қолмади. Намойишчилар “Porsche” автомобилига ўхшаган 300 дан ортиқ люкс автомобилларга ўт қўйишди. Қимматбаҳо дўконлар жойлашган кўчалар ҳам ўз насибасини олди.
Франция ички ишлар вазири Бернар Казнев намойишларни ташкиллаганларни қаттиқ танқид қилди. Казнев “Париж ва бошқа шаҳарларда ўтказилган намойишларнинг асл мақсади Франциянинг кучини кўра олмасликдир. Бу кучдан безовта бўлганлар ёшларни гиж-гижламоқда. Хавфсизлик кучлари лозим бўлган ишларни қилади” деди.
Келгуси ҳафта Франция парламентида кўриб чиқиладиган меҳнат тўғрисидаги қонунда ишчиларни ишдан бўшатишнинг олдини оладиган модда бекор қилинмоқда. Ҳукумат вакиллари бу билан иш берувчилар ишга қабул қилишда эркин ҳаракат қилишини таъминламоқчи эканликларини билдиришди. Бу қонун мамлакатдаги ишсизлик даражасини пасайтиришга йўналтирилган бўлса ҳам мухолифлари бу қонун билан ишчиларнинг таътил, дам олиш ва қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқлари поймол этилганлигини айтишмоқда.