- 2025-05-23
Хитойлик олимлар Ойдан тўпланган намуналарда илгари маълум бўлмаган иккита янги
минерал мавжудлигини кашф этганликлари эълон қилинди.
Минералларнинг кашф этилиши Сичуань провинциясининг Чэнду шаҳрида бўлиб ўтган 11–Хитой коинот кунининг очилиш маросимида маълум қилинди.
“Чанъэ–5” тадқиқот қурилмаси томонидан тўпланган тоғ жинслари ва тупроқ намуналарида топилган фосфат минералларига “магнезиочанъэзит–(Y)” ва “чанъэзит–(Ce)” деб ном берилди.
Нодир ер фосфати тоифасига кирувчи ушбу минераллар Халқаро минералогия ассоциациясининг Янги минераллар, номенклатура ва таснифлаш комиссияси томонидан таснифланди ва тасдиқланди.
Ушбу икки минерал Хитойнинг Ойдан тўпланган тоғ жинси ва тупроқ намуналарида кашф этган иккинчи ва учинчи минераллари бўлди. Хитойлик олимлар бундан аввал, 2022 йил сентябрь ойида Ой намуналарида “чанъэзит–(Y)” деб номланган фосфат минералини топганликларини хабар қилган эдилар.
Янги кашфиётлар билан шу кунгача Ойда топилган минераллар сони 8 тага етди. Хитойдан олдин АҚШ ва Россия Ой юзасидан тоғ жинси ва тупроқ намуналарини тўплаб, минераллар кашфиётида етакчилик қилган эди.
Хитой Ой юзасидан тоғ жинси ва тупроқ намуналарини тўплашни мақсад қилган илк тадқиқот қурилмаси “Чанъэ–5”ни 2020 йил ноябрь ойида Ойга юборган эди. Қурилма ўзи тўплаган 1,73 килограмм тоғ жинси ва тупроқ намунаси билан 2020 йил декабрь ойида Ерга қайтиб келган эди.