- 2024-02-02
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов янги университет ташкил этиш бўйича фармонни имзолади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида учта факультет бўлиши режалаштирилган.
Кеча, 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
Унга кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилади.
Ўзбек тили ва адабиётини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асосларини, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилаётган янги университетда ўқув жараёни 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади.
Университет учун қуриладиган ва реконструкция қилинадиган тегишли бинолар, унинг ҳудудидаги майдон ва хиёбонларни реконструкция қилиш мақсадида қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш, хусусан, бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни, истисно тариқасида, тендер савдолари ўтказмасдан танлаш, қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-қидирув ишлари билан бир вақтда олиб бориш ва уларнинг белгиланган муддатда молиялаштирилишини таъминлаш, қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишларини 2017 йилнинг 1 августига қадар якунига етказиш кўзда тутилган.
Университет таркибида 3 та факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилиши режалаштирилган.
qalampir.uz дан олинди.