- 2016-12-16
Туркия 15 июль жумадан шанбага ўтадиган кеча давлат телеканали TRT экранида эълон қилинган тўнтариш ҳақида хабар билан жунбушга келди. Фетуллоҳчи террористик ташкилот ва террорбоши Фетуллоҳ Гулен тарафидан ташкилланган бу тўнтаришга уриниш бартараф этилди. Энди Гулен ташкилотининг ҳарбийлар, суд ва полиция органи, амалдорлар, университет ва медиадаги ўргимчак тўри ҳолидаги структураси йўқ қилинмоқда. Жума кечаси юз берган тўнтаришга уриниш ва оқибатларини Фетуллоҳ Гуленга бир вақтлар яқин бўлган Ҳаёти Кучукдан сўрадик.
Қуйида унинг sabah.com.trга берган интервьюсидан келтирамиз:
“Бу тўнтаришга уринишнинг ортида Фетулла Гулен турганлигини инкор қилиб бўлмайди. ФЕТО (Фетулла террор ташкилотининг қисқартмаси ) га яқин баъзи нашрлар “Бу тўнтаришга уринишни биз эмас, камолистлар қилди” демоқда. Бу хабарларни эълон қилаётганларнинг ўзлари ҳам бунинг ортида Фетуллоҳ Гулен турганлигини жуда яхши билишади. ФЕТО 40 йилдан бери айнан мана шу кунлар учун Туркия қуролли кучлари ичига ўз одамларини зимдан жойлаштириб келаётган эди. Лекин муваффақиятга эриша олмади. Ораларида битта-яримта камолист-миллатчи одамлар бўлиши мумкин. Лекин бу тўнтаришни Фетуллоҳчилар режалаштирган деган ҳақиқатни ўзгартирмайди.
Ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ қўмондони генерал Оқин Ўзтурк билан куёви подполковник Ҳакан Қорақушга диққат қаратмоқчиман. Генерал Оқин Ўзтурк қўшин ичида ФЕТОга энг яқин бўлганлардан бири. У билан яқин муносабатда бўлган фетуллоҳчи бўлмаган одамлар ҳам бор. Бу генерал билан алоқани трабзонлик тарих ўқитувчиси таъминлаганлиги маълум. Унинг асосий вазифаси Туркия қуролли кучлари ичида фетуллоҳчи кадрларни ҳимоялаш, қўллаш ва кучайтиришдир.
Мен талабалик йилларимда Кулели ҳарбий лицейидаги икки талаба билан шахсан шуғулланардим. Бу иш шундай бошланарди. Улар лицейни тугатиб, бир лавозимни эгаллагач, шахсан Фетуллоҳ Гулен билан учрашишни бошлайди. Кулели ҳарбий лицейида хориждан келиб ўқийдиган студентлар ҳам Гулен ташкилоти тарафидан назоратга олиниб, ўз тарафига оғдириб олинарди. 40 йилдан бери бу ташкилот шундай ишлади. Ҳамма нарса ҳозирги кунлар учун режаланди, лекин муваффақиятсизликка учради. Бундан ташқари нафақат Туркия қуролли кучларида, балки бошқа ўлкаларда ҳам турли лавозимларда Гуленга яқин зобитлар, ҳарбий ходимлар мавжуд. Масалан АҚШ ва Канада армиясидаги мусулмонларнинг имоми Гуленнинг одамидир. Озарбайжонда фетуллоҳчи бир зобит Бош қўмондонлик штабигача кўтарилди.
Оқин Ўзтуркнинг АҚШ саёҳатини ҳам синчиклаб ўрганиш лозим. АҚШда Гуленга яқин бир ҳарбий атташе билан алоқада бўлди. Яқинда амалга ошган бу саёҳати яхшилаб текширилиши лозим. Бош қўмононлик штабининг фетуллоҳчи кадрлардан тозаланиши билан бир қаторда хорижда ишлаган ва лавозимида ишлашда давом этаётган ҳарбий атташелар ҳам албатта текширилиши лозим. Мен хорижда ишлаган вақтимда бу атташеларнинг кўпи билан танишдим.
Қўшин ичида 12-15% фетуллоҳчи ҳарбийлар бор. 40 йилдан бери ташкилот мана шу кунлар учун тайёргарлик кўрди. Эрдўғон ҳукумат бошида бўлмаганида эди, тўнтариш қилмасдан, қадам бақадам ўлкани қўлга олишарди. Лекин Эрдўғон бу ўйинни бузди. Уларга тўнтариш қилишдан бошқа чора қолмади.
Апелляция биноси олдида баёнот ўқиган фетуллоҳчи Олий суд аъзолари воқеаси аслида фавқулодда ҳолат эди. Аслида шу кундан маълум эди исён қилишлари. Президентга қарши қилинган шу баёнот тўнтаришнинг даракчиси эди.
Мен олган даракларимни керакли идораларга етказдим, тўнтариш саҳар соат 4:00 да бошланиши керак эди. Лекин бу фош бўлганидан кейин кечқурун бошлаб юборилди. Мақсадлари Эрдўғонни ўлдириш эди. Фетуллоҳ Гулен ўзига энг катта тўғаноқ деб Эрдўғонни кўради. Лекин Аллоҳнинг бир ҳикмати сифатида ФЕТОчи ҳарбийлар Мармарисдаги меҳмонхонага келганида Эрдўғон у ерни тарк этганди.
15 июлдан бир кун олдин Фетуллоҳ Гулен буйруқ берди, бу амр минтақа имомларига етказилди. гулен: "Ўша кеча уйидан чиққанлардан рози эмасман" деб буйруқ бериш билан исёнчи аскарларга халақит бермасликни назарда тутган эди. У тўнтариш тез мева бера бошласа, ўз тарафдорларининг ҳаяжонланиб кўчага югуриб исёнчиларга эрта дастак бериб қўйишади деб қўрққанди.
ФЕТО параноя бўлиб қолган. Шунинг учун ҳар қандай аҳмоқгарчиликка бориши мумкин. Перзидентимиз чорасини кўриши керак. Гулен ўзини Аллоҳ танлаган ўзгача бир банда эканлигига ишонади. Югурдакларига ҳар қандай фатвони бериши ҳам мумкин. Руҳий ҳолати соғлом эмас. Шу онда жуда тажовузкор ва ундан ҳамма нарсани кутиш мумкин.
Агар тўнтариш муваффақиятли бўлганида Туркия Гуленни қўғирчоқ қилиб ўйнатаётган кучлар тарафидан бошқариларди. Гулен ташкилоти ўлкани қўлга киритиши мумкин эди, лекин мамлакат ичида хаос бошланарди.
Гулен кўринишдан ҳеч нарсага алоқаси йўқдек тутади ўзини. Ҳеч қайси ишда унинг иштирокини топиш қийин. Лекин Туркияда тушириладиган фильмнинг сценарийси ҳам ундан сўралади. ЗАМАН газетасининг бош сарлавҳаси ҳам ундан сўралади. Мен бир савол учун ҳам АҚШга боришга мажбур бўлган пайтларимни ҳамон эслайман. Бу тўнтариш буйруғини берган Фетуллоҳ Гуленнинг айнан ўзи! Эрдўғонни ўлдириш, мажлисни портлатиш амрини ҳам Гулен берган! Токи Фетуллоҳчи структуранинг хорижий пойдевори бузилмас экан бу хавф давом этаверади.
Улар нашрларда турли баландпарвоз гаплар билан тўнтаришга алоқалари йўқлигига Туркия халқини ишонтирмоқчи бўлишяпти. Асл мақсадлари халқаро жамоатчиликни ишонтириш. Улар энди хиёнат қилган Туркияда яшаш имконлари йўқлигини ҳам яхши билишади. Сионист хоин тамғаси билан дунёнинг бошқа ўлкаларида ҳам яшай олишмайди. Шунинг учун дунё жамоатчилигини ўзларининг айбсизлигига ишонтиришмоқчи. Туркия уларнинг ҳақиқий башараларини бутун дунёга кўрсатиши лозим. Мен давлат экспертиза кенгашига ФЕТО ташкилотининг хорижий бўлимини қандай тугатиш кераклигини билдирдим. Хориждаги бўлимлари тугатилмаса, турли ҳужумлар, худкуш терактлар давом этаверади. Бутун дунёга ФЕТОнинг террорист ташкилоти эканлигини тушунтириш лозим.
Гулен ўлгандан кейин ушбу ташкилотнинг давом этиш-этмаслигига АҚШ қарор беради. Ожалан қўлга олинганида PKK курд террори тугайди деб ишонгандик, лекин АҚШ бунга изн бермади. Гуленчилар Хиллари Клинтон борасида кўп меҳнат ва пул сарф қилишди. 12 йилдан бери унинг устида ишлашмоқда. Уларни асраб қолса ўша хоин асраб қолади. Шунинг учун давлатимиз талаби билан Гуленнинг АҚШдан чиқариб юборилиши ҳам анча нарсани ўзгартиради.
Лекин Гуленнинг яна бошқа режаси бор. Масалан Туркиянинг Миллий ҳаракат партиясини қўлга киритиш уларнинг энг катта орзуларидан. Чунки Мерал Акшенер хоним 15 июль тўнтаришининг сиёсий аренадаги вакили бўлиши керак эди. Лекин партиянинг ҳозирги раиси Давлат Баҳчели тўнтаришга қарши баёнот бериб, демократия сафидан ўрин олиб бу режани бузди.”