- 2024-04-30
Тожикистон яна бир олтин конидан фойдаланишни Хитойга топширди.
Хитойнинг TBEA ширкатининг Тожикистоннинг Сўғд вилояти Айний туманидаги Шарқий Дуоба олтин конидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритгани билдирилди.
“Озодлик” радиосининг хабарига кўра, Хитой ширкати икки олтин кони бўлган Шарқий Дуоба ва Уст Кумарг минтақаларида фаолият кўрсатарди. Бу ерда олтин топилгандан кейин уларни қазиб чиқариш ҳуқуқи бу ширкатга берилди. Хитой ҳозирда Тожикистонда жами 7 та олтин конида қазиб олиш ишларини олиб бормоқда.
2014 йили Тожикистон ҳукумати Хитой ширкатига баҳоси 30 миллион бўлган Душанбе ГЭСи эвазига Айний туманидаги икки олтин конида қидирув ишларига рухсат берганди. Тожикистон ўзининг молиявий камхаржлиги учун маҳаллий олтин заҳираларини топиш ва қазиб олиш имконига эга эмас. Шу сабабли тожик ҳукумати хорижий инвестицияларни жалб қилмоқда.
Хитойнинг дунёдаги инвестиция сиёсатини “инвестиция эвазига табиий бойликлар” формуласи билан тушунтирса бўлади. Хитой шу тариқа сўнгги беш йилда Африка қитъасининг 21 ўлкасида кумуш, олтин, қимматбаҳо тошлар конида қазиб чиқариш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлди.