Дунёнинг энг муҳим конларидан бири Мадинада топилди


  • 15 Сентябрь, 2026
  • 8

Саудия Арабистони нефтьдан ташқари энергия ва кон захираларини кенгайтириш ишларида муҳим кашфиётга қўл урди. Мадина вилоятидаги Жабал Сайид лойиҳасида олиб борилган қидирув ва геологик ишлар натижасида 110 миллион тонналик руда захираси аниқланди.

Саудия Арабистони Мадина вилоятида амалга оширган кон қидирув фаолиятида геосиёсий ва иқтисодий ҳисоб-китобларни ўзгартириб юборадиган улкан кашфиётга эришди.

Жабал Сайид лойиҳасида 110 миллион тонналик руда манбаси аниқланиб, ўтказилган текширувларда юқори зичликдаги нодир тупроқ элементлари ва уран концентрациялари қайд этилди.

Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Вена шаҳрида ўтказилган Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) Бош конференциясида кашфиётнинг тафсилотларини очиқлади.

Вазир бин Салмон: “Мадина вилоятидаги Жабал Сайид лойиҳасида амалга оширилган қидирув ва геологик ишлар юқори концентрацияли нодир тупроқ элементлари, хусусан, оғир нодир тупроқ элементларини ўз ичига олган руда билан бирга умидбахш даражадаги уран концентратларини юзага чиқарди”, деди.

Кашфиётнинг мислсизлигига эътибор қаратган вазир бин Салмон Жабал Сайид ҳақида шундай деди: “Бу кашфиёт лойиҳани ҳозирда дунё миқёсида ривожлантирилаётган энг муҳим нодир тупроқ кон манбалари қаторига қўяди”.

Саудия Арабистони нефть ва табиий газга асосланган энергетика даромадларини диверсификация қилиш (турли хил қилиш) мақсадида сўнгги йилларда тоғ-кон саноати, нодир тупроқ элементлари ва ядро энергетикаси соҳаларидаги инвестицияларини оширган эди.

Бошқа томондан, уран концентрациясини ўз ичига олган руданинг топилиши Ар-Риёд ва Вашингтон ўртасидаги ядровий ҳамкорлик жадаллашган даврга тўғри келди.

АҚШ ва Саудия Арабистони июль ойида фуқаролик ядровий дастури доирасида узоқ муддатли ҳамкорликнинг пойдеворини қўядиган келишувларни имзолаган эди. Томонлар, шунингдек, муҳим минераллар ва таъминот занжирлари борасида ҳамкорликни кенгайтирдилар.

Саудиянинг тоғ-кон компанияси “Ma'aden” ва АҚШда жойлашган “MP Materials” ўртасида нодир тупроқ элементларини қайта ишлаш ҳамда ажратиш билан боғлиқ ҳолда уран ишлаб чиқариш қувватини ривожлантиришга қаратилган шериклик ўрнатилди.

Вазир бин Салмон Ар-Риёд мавжуд кашфиёт билан чекланиб қолмаслигини, анъанавий манбалардан қўшимча уран рудасини топиш бўйича ишлар давом эттирилишини айтди.

Шу тариқа 110 миллион тонналик руда захирасидаги уран ва нодир тупроқ элементи кашфиёти Саудия Арабистонининг ҳам тоғ-кон саноати, ҳам тинч ядро энергетикаси режалари нуқтаи назаридан янги стратегик манбага айланди.


Бошқа мақолалар