- 2016-12-24
Болалигида черковларда жинсий зўравонлик қурбони бўлган жабрдийдалар Папалик олдидаги кўчада болаларга қарши жинсий тажовузга норозилик билдиришди.
Христиан дин одамлари томонидан жинсий тажовузга учраган кишилар қурган “Роҳиблар (поп) тажовузини тугатиш” (ECA) ва тажовузга қарши ташкилотлар Ватикандаги “Conciliazione” кўчасида черковлардаги болаларга нисбатан жинсий тажовузга қарши чиқиб, норозилик митинги уюштирди.
Ватиканда “ёшлар” мавзусидаги черков йиғилиши бошланган куни уюштирилган намойишда маълум даврларда попларнинг тажовузига учраган турли ёшдаги кишилар иштирок этди.
Намойишчилар қўлларида “Авф ва узрларга бас. Антонио Проволо институтидаги қурбонларга бадал пули”, “Роҳибларни фош қилиш вақти келди”, “Халқаро тергов ва адолат ҳайъати қуринг”, “Ёпди-ёпди қилиш жонга тегди”, “Италия давлатидан чора кўришини сўраймиз”, “Фарзандларингизни улар қўлига қандай топширасиз?” деб ёзилган плакатлар билан чиқишди.
Тажовузга қарши ва поплар тажовузини тугатиш уюшмаси раиси Франческо Занарди кеча ўтказилган матбуот анжуманида Италияда ҳам бошқа давлатлардагидек тажовузларни тергов қилувчи ҳайъат бўлиши кераклигини таъкидлаб “Лекин муаммо ҳали мавжуд. Сўнгги 15 йилда Италия черковларида кўпи ёпди-ёпди қилинган 300 та педофил ҳодисаси юз берганлигини аниқладик” деди.
Занарди яна баъзи ҳодисаларнинг Ватикан томонидан босди-босди қилинганига урғу бериб, “Папа Франциск дунё миқёсида бу муаммони ҳал этишини ваъда қилган. Лекин ўз кичик давлатининг ичида ҳам ҳал қила олмади” деди.
Ватиканнинг собиқ Вашингтон элчиси архиепископ Карло Мариа Вигано ҳам папа Францискни черковларда болаларга нисбатан жинсий тажовузларга кўз юмишда айблади.
Католик черковининг дунё ўлкаларида юз минглаб роҳиблари бор. Жуда кўп давлатларда болаларга нисбатан роҳиб тажовузлари ҳақида кўплаб ҳодисалар матбуотга сизди.
БМТ католик черковидаги оммавий болалар тажовузи ҳақида 2014 йили ҳисобот эълон қилганди. Ҳисоботда Ватикан ўзига боғлиқ черковлар жойлашган кўплаб давлатда роҳиблар тажовузидан ўн минглаб болалар жабр чекканлигига кўз юмиб келганликда айбланганди.