- 2018-07-27
25 август куни Манғистау вилояти Ақтау шаҳрининг зиёлилари Қозоғистон республикасининг президенти Н.А.Назарбоевга очиқ хат ёзиб, ваҳобий-салафий оқимларининг бутун тармоқларини экстремистик деб қабул қилинишини сўрашмоқда.
Ушбу очиқ хатга бир соат ичида юздан ортиқ киши имзо қўйиб, Бекет ата вилоят марказий масжидида шом ва хуфтон намозига келган жамоат орасида давом этди.
Ҳурматли Нурсултон Абишули!
Янги минг йилликка ўтишда бутун дунёда ҳукм сурган нотинчликлардан Қозоғистон барқарорлигини сақлаган ҳолда олиб чиқишдек шарафли, лекин жуда оғир вазифа Сизга насиб бўлди.
Чорак асрлик донгдор тарихга эга мустақиллигимизнинг қаддини ростлаб олиши Сизнинг доно сиёсатингиз ва меҳнатингиз маҳсули эканлиги барчага маълум.
Кўп миллатли халқини бағрига босиб, тили билан динини, тарихи билан қарашларини кўз қорачиғидек сақлаган Қозоғистон бугунги кунда тотувлик ва иноқлик рамзи сифатида дунёга танилди. Синовли даврлардан қоқилмай ўтган элимизнинг моддий аҳволи яхшиланиб, қозоқ халқининг фахрига айланди.
Лекин мана шундай меҳнат билан қўлга киритилган мустақил мамлакатга, фаровон турмушга, бебаҳо тотувликка доғ туширувчи террористик ҳаракатларнинг ўлкамизда ҳам пайдо бўлиши ачинарли оқибатларга олиб келмоқда.
Мамлакат аҳолисининг умрига зомин бўлаётган терактлар миллий хавфсизликка таҳлика туғдириб, ички барқарорликни бузиш билан чекланмай, мустақил Қозоғистоннинг дунё аренасидаги обрўсига ҳам путур етказа бошлади.
Ўзингиз жуда ўринли тарзда айтганингиздек, Ақтобедан бошланиб, Алматига етиб келган қонли терактлар ортида салафий оқимининг вакиллари турибди.
Тотувлик дини бўлган исломнинг табиати ва руҳига ёт, ноанъанавий йўлдаги салафий оқимининг тарихда қонли қирғинлари билан номи қолган. Мусулмонларга қарши қурол кўтариб, қонини тўккан ваҳҳобийлик билан айни сафда эканлигини барча диншунос ва исломшунослар ассоциацияси бир оғиздан тасдиқлайди.
Салафийлик оқими кўплаб тармоқларга бўлинган ҳолда фаолият юритиб, ўлкамизда унинг такфирчилар, мадхалийлар, сурурийлар каби тармоқлари фаол тарзда тарғибот юритишмоқда. Бу оқимларнинг номи ва услубида озгина фарқ бўлганига қарамай, уларнинг ғояси ва асл мақсадлари айни. Раҳнамолари ва фойдаланадиган адабиётлари ҳам айни.
“Салафийлик” деган ном остига жамланадиган бу оқимларнинг ўртоқ мақсадлари дунёвий мамлакат қадриятларини инкор қилиб, ислом мамлакати ғоясини ўрнатиш. Диний эътиқод эркинлигини таъминлайдиган дунёвий мамлакатни “динсиз, кофиристон” деб танитадиган салафий оқими вакиллари бундай давлатдан бош олиб, ислом шариати билан бошқариладиган ўлкага кўчиб кетишни (“ҳижрат”) тарғиб қилади. Ҳеч нарсага асосланмаган ёлғон ғояга алданиб, “мусулмон ўлкасига ҳижрат қилдик” деган юзлаб қозоғистонлик ёшлар Сурияда ДАИШ қирғинининг қурбонига айлангани маълум.
“Миллийлик” деган тушунчани рад қиладиган салафийлик ғоясига мамлакатнинг асоси бўлган миллий-маънавий қадриятлар, маданияти ва анъаналари, ҳатто мусулмонлик тарихини ҳам инкор қилиш хос. Салафий эътиқодидаги кимсалар қозоқ халқининг камтарлик ва ҳурматдан келиб чиққан муқаддас анъаналарини “Аллоҳга шерик қўшиш”, “бидъат” деб асоссиз айблаб, тарихга ҳурматни билдирадиган зиёрат маданиятига ҳам қарши. Қозоқ ўлкасида аввал ҳеч кўрилмаган қабрларни бузиш каби ишлар ҳам салафий оқими вакиллари томонидан амалга оширилмоқда.
Анъанавий мусулмонликни йўқ қилишдан яна бир мақсадлари ислом динини Қозоғистонга мустақилликдан кейин кириб келган келган янги дин сифатида кўрсатиб, сўнгги вақтларда араб мамлакатларида таълим олиб келган салафийларни “ҳақиқий” ислом тарғиботчилари деб кўкларга кўтаришдир.
Ўзга дин вакилларини “кофир” деб ҳисоблаб, Қозоғистон менталитетига хос диний бағрикенглик салафий оқимига ёт. “Кофирларнинг мол-мулки мусулмонларга ҳалол, истаган вазиятда буларни тортиб олишга бўлади” деган анъанавий исломга зид тушунчага эга салафий оқими кўп конфессияли Қозоғистондек мамлакат халқи учун жуда хавфлидир.
Салафий оқими вакиллари намоз ўқимайдиган мусулмонларни ҳам кофир дейишади. Фарзандларини намоз ўқимайдиган ота-онасига қарши қилиб, уларни авраб ўз жамоатларига киритиб, кўплаб оилаларнинг бузилишига олиб келадиган ҳатти-ҳаракатларга салафий оқимидагилар сабаб бўлмоқда.
Никоҳ масаласига масъулиятсиз қарайдиган салафий жамоати вакиллари ичида вақтинчалик никоҳ кенг ёйилган. Ота-оналарининг розилигисиз жамоатдагиларнинг гувоҳлиги билан никоҳ ўқитиб олган жуфтлар яна шу тариқа ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан осонлик билан ажрашишмоқда. Эрининг кўнгли бошқасини тусаб қолса, уч талоқ айтиб ажрашиш, оиласи ва фарзанди олдида масъулиятини ҳис қилмаслик, натижада жамоат орасида қўлдан-қўлга ўтиб юрадиган қиз-келинчаклар, кимдан туғилганлиги номаълум фарзандлар кўпайган. Халқ орасида мана шундай ноўрин ишлар кўпаймоқда.
Салафий оқими вакиллари ўзларига хос намоз ўқишдаги ҳаракатлари билан ўлкамиздаги масжид жамоатидан ажралиб туришга уриниб, асрлар мобайнида шаклланган диний анъаналарни бузмоқда. Жамоат жойи ҳисобланадиган масжидларнинг ички тартибига риоя қилмай, жамоат бирлиги ва имомларнинг нуфузига путур етказмоқда.
Исломнинг асл моҳиятини танимаган, диннинг фақат кўринишига диққат қаратадиган, соқол, калта поча ва ҳижобни асл мусулмонлик деб танитишга уринадиган салафий оқимининг тараққиётга қарши дунёқараши муслмонлар учун ҳам жуда хавфли. “Қуръон оятларини тафсирлашга бўлмайди, уни фақат ўз маъносида қабул қилиш керак” дейдиган тушунчаларига ҳам юқоридаги дунёқарашлари сабаб.
Мана шундай қолоқ қарашлари оқибатида ислом олимларига, мазҳаблар таълимига бўсунмаслик, миллий анъаналарни, маданият ва тарихни инкор қилиш, исломдаги дунёвий тамойилларни, толеарантликни йқ қилиш, “жиҳод” атамасини фақатгина “қуролли ҳужум” маъносида тушунтириш каби кўплаб нотўғри тушунчалар ўрнашиб, асрлар давомида асоссиз қон тўкилишига олиб келди. Мана шундай янглиш тушунчалар энди қозоқ тупроқларида давом этиб, террористик ҳаракатларга йўл очмоқда.
Ҳурматли Нурсултон Абишули!
Қозоғистон халқининг бирлиги ва тотувлиги мустақил мамлакатимизнинг бебаҳо бойлиги эканлигини Ўзингиз кўп бора таъкидлагансиз.
Мана шу тотувликка раҳна солаётган ноанъанавий салафий оқимини тақиқлаш зарурлиги ҳозир жамият олдидаги муҳим вазифа.
Халқимизнинг кўзга кўринган зиёлилари, сиёсатчилари, диншунослар ва имомлари бир ёқадан бош чиқариб, салафий оқимини тақиқлаш зарурлигини очиқча айтишмоқда.
Ўз навбатида салафий оқими вакиллари ҳам тинч ўтиргани йўқ. 2014 йили “Ат-Такфир вал-ҳижра” гуруҳи тақиқланганда ўзларининг барча қабиҳликларини такфирчилик зиммасига юклаган салафийлар энди шубҳали қарашларини ваҳҳобийликка тўнкаб, ўзларини оқлашмоқда. Салафийликни ваҳҳобийликдан бўлак оқим сифатида танитиш мақсадида, қалбаки тадқиқотлар ўтказиб, “барқарор салафизм” деган ёлғон ғояни кучайтиришга уринишмоқда. Ноанъанавий оқимларни айблаш ўрнига уларнинг тарқалишига Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини айблаб, халқ эътиборини бошқа тарафга бурмоқда.
Ушбу ҳаракатлар ва ғояларнинг асоссиз эканлигини диншунос олимларимиз муфассал далиллаб берди. Салафийлик билан ваҳҳобийликнинг бир эканлиги, “барқарор салафийлик” деган гуруҳнинг мақсадли равишда уюштирилган сохтакорлик эканлиги, ўзини оқламагандан кейин дунё миқёсида, ҳатто араб ўлкаларининг ўзида ҳам рад этилгани, салафий оқимининг барча тармоқларига экстремистик қарашлар хос эканлиги илмий равишда исботланди.
Салафийлик бу радикал оқимларнинг бошланиши, экстремистик ғояларнинг ўчоғидир. Бугунги кунгача Қозоғистон республикасида суд қарори билан тақиқланган 670 та адабиётдан 334 таси салафий оқими вакилларига тегишли эканлиги бунинг ёрқин далилидир.
Салафий оқимини тақиқлаш фақат бугун кун тартибига чиққани йўқ. Юқорида аталган “Ат-Такфир вал-ҳижра» гуруҳини тақиқланиши кўп тармоқлари бўлган салафийликни босқичма-босқич тугатишнинг бошланғич жараёнидир. Салафийликнинг кўплаб носоғлом фикрли адабиётлари суд қарори билан тақиқланиши эса ушбу жараённинг ўрта босқичидир. Энди салафий оқимини бутунлай тақиқлаш орқали ушбу жараённи якунлаш заруриятини сўнгги вақтлардаги террористик ҳаракатлар кун тартибига қўймоқда.
Мустақил сиёсати ва позицияси, ички-ташқи алоқалари йўлга қўйилган давлат сифатида салафийликни тақиқлашни кечиктиришимизга ҳеч қандай асос йўқ. Бу жараён халқимиз ичидаги салафий оқимига адашиб кирган кўплаб кишиларнинг тўғри йўлга қайтишига имкон беради. Ватандошларимизнинг салафий оқимига тушиб қолишларини камайтиради, вақт ўтиши билан бутунлай йўқ бўлади. Салафийликнинг айрим вакилларининг радикаллашуви мумкинлигини йўққа чиқариб бўлмайди, лекин бу ҳодиса салафийлик тақиқланмаган ҳозирги вақтда ҳам рўй бераётгани маълум. Оқим тақиқланган ҳолатда радикаллашув жараёнига учрайдиган шахслар сони сўзсиз камаяди.
Ташқи сиёсат масаласида салафиликнинг зарарли оқибатларидан мусулмон мамлакатлари ҳам азият чекаётгани, шу сабабли араб ўлкаларининг ўзида ҳам салафийликка қарашлар бирдек эмаслигини таъкидлашимиз лозим. Барча мусулмон ўлкаларининг расмий дини исломдир. Салафийлик ёки ваҳҳобийлик эса ҳеч бир мамлакатда расмий диний оқим сифатида рўйхатдан ўтмаган.
Ваҳҳобийликка мойил бўлган Саудия Арабистон қироллиги билан алоқа масаласига келсак, давлатлараро алоқаларда диний эмас, иқтисодий манфаатлар бош ўринда туришини назарда тутиш керак. Ноанъанавий оқимлар оқибатлари биздан эртароқ ва аянчли тарзда бошига тушган Доғистон, Ўзбекистон, Тожикистон каби давлатларда салафийлик-ваҳҳобийлик суд қарори билан тақиқланганига қарамасдан, бу давлатларнинг араб ўлкалари билан алоқасига путур етмагани маълум.
Салафийликни тақиқлаш Қозоғистон республикасининг дунёвий шаклини сақлаш ва ривожлантириш, кўпдинли ўлкадаги тинчлик ва барқарорликни, ўлкамизнинг мусулмонлари орасидаги ички бирликни сақлашга ва мустаҳкамлашга, Қозоғистон халқининг анъанавий қадриятлари ва маданиятини муҳофаза қилиб, ривожлантиришга, оила қадриятларини кучайтиришга, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг нуфузини орттиришга, Қозоғистон халқининг бирлиги ва тотувлигини мустаҳкамлашга йўл очади.
Ҳурматли Нурсултон Абишули!
“Қозоғистон – 2050” стратегияси барқарор мамлакатнинг янги сиёсий йўналиши” номли Қозоғистон халқига мурожаатингизда қозоғистонликларнинг диний онгини ўлканинг анъаналари ва маданий нормаларига мослаштириш вазифасини Ўзингиз таъкидлаб айтгансиз.
Шунга асосан бизнинг жамиятда ҳозир дин ва анъананинг ўзаро алоқасининг, анъанавий қадриятларга асосланган диний илмларни янгилаш чоралари муҳим ўрин тутади. Салафий ғоясининг энг ёқимсиз таъсири анъанавий маънавий-диний қадриятларни бузиш орқали диний онгни ўзгартиришидир. Бу ўз навбатида анъанавий қадриятлар билан бирга ички барқарорликни ҳам издан чиқармоқда. Шу сабабли миллий қадриятларни муҳофаза қилиш ўлканинг ички барқарорлиги ва мамлакат тамалининг бутунлигини сақлаш билан ёнма-ён туриши кундек равшан.
Дин мамлакатдан алоҳида бўлгани билан халқ турмушидан ажралмаслиги маълум. Сабаби дин фақатгина эътиқод эмас, у халқнинг тарихи, маданияти, дунёқараши, ҳаёт кечириш меъёрларидир.
Мангу халқнинг устуни бу – мангу қадриятлардир. Мана шу қадриятлардан бири миллат табиати билан ошно бўлган анъанавий дин.
Шу сабабли ҳозир барча қозоғистонликлар, айниқса ўлкамизнинг мусулмонлари қозоқ давлатчилиги билан маънавий-маданий қадриятларининг давомийлигига асос бўлган боболаримиз дини – исломнинг террористик оқимлардан озод бўлиб, ўсиб келаётган авлодни тарихимиз билан боғлайдиган маънавий боғлар бўлишига асос соладиган ечим қабул қилинишини кутмоқда.
Салафий оқимини тақиқлаш дунёвий мамлакатимизнинг асос қадриятлари – мамлакат аҳолисининг умри, эркинлиги ва ҳуқуқлари, миллий хавфсизлиги, ички барқарорлиги, халқнинг маънавий-маданий қадриятларини сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган вазмин сиёсат аъло ечим бўлади.
Манғистау вилояти, Ақтау шаҳри, 25.08.2016