Ҳижобли бошловчидан огоҳлантириш


  • 21 Октябрь, 2016
  • 1083

Англиянинг Channel 4 телеканалида янгиликлар кўрсатувининг бошловчиси Фотима Манжи (Fatima Manji) мусулмонларга қарши ов мавсумининг бошланишидан огоҳлантирди. У шу тариқа Матбуот стандартлари мустақил ташкилотининг (IPSO) “The Sun” собиқ бош муҳаррири Келвин Маккензига қўйилган айбловнинг бекор қилиш қарорига ўзмуносабатини билдирди. Бу ҳақида “Лента.ру” “The Guardian” хабарларига асосланиб, маълум қилди. Маккензи Ниццадаги терактга бағишланган кўрсатувда бошловчининг ҳижобда пайдо бўлишини ўринсиз деб ҳисоблаб, бу ҳақида “The Sun”да танқидий мақола чоп этди. 19 октябрь куни эса IPSO бош муҳаррирнинг ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга эканлигини маълум қилди. 

Бошловчи профессионал ташкилот чиқарган қарордан норози эканлигини яшириб ўтирмади. Унинг фикрича, IPSO ирқий камситишга йўл қўймоқда. Фотима “Маккензининг теракт содир этган кишига менинг мойиллигим ҳақида истаган гапини ёзиши ёки тахмин қилиши бошқаларнинг ҳам бундай ҳужумларга тайёр эканлигидан далолат беради”,  деди. 

Маккензининг мақоласи 18 июль куни, тунислик эркак юк машинасида 80 дан ортиқ кишини босиб ўлдирган Ницца терактидан бир неча кун ўтиб таблоид саҳифаларида пайдо бўлди. Муаллиф “мусулмон кишиси томонидан амалга оширилган яна бир даҳшатли қотилликни” ҳижоб ўраган қиз ёритганини ноўрин, деб ҳисоблаганди. Ўшанда журналистлар “The Sun” нашрини қаттиқ танқид қилишганди.


Бошқа мақолалар