- 2022-02-19
Эрон ҳукумати матбуот котиби Фотма Муҳожероний АҚШ-Исроил ҳужумлари оқибатида юзага
келган уруш товони дастлабки тахминларга кўра 270 миллиард доллар атрофида эканини ифода этди.
Эрон ҳукумати матбуот котиби Фотма Муҳожероний Россиянинг РИА Новости ахборот агентлигига баёнот берди. АҚШ–Исроил ҳужумларидан келиб чиқадиган уруш товони масаласини Эрон музокаралар ҳайъати Исломободдаги учрашувларда ва ундан аввал Президент Масъуд Пезешкиён турли платформаларда алоҳида таъкидлаганини билдирган Муҳожероний, тегишли муассасалар томонидан урушдаги ҳужумлар турли соҳаларда етказган зарарлар юзасидан дастлабки ўрганиш ишларини олиб боришганини маълум қилди.
Фотма Муҳожероний уруш товони дастлабки хулосаларга кўра соф ҳолида 270 миллиард доллар атрофида эканини, аниқ рақамлар тегишли мақомлар томонидан эълон қилиниши билан ойдинлик киритилишини айтди.
Муҳожероний мазкур товон пули зарар кўрган ижтимоий бинолар, иш жойлари ва заводлар каби соҳалар билан бирга, Минобдаги мактабга уюштирилган ҳужумда ҳаётдан кўз юмган қиз талабаларнинг ҳақ–ҳуқуқларини ҳам ўз ичига олишини алоҳида қайд этди.
Бошқа томондан, Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги (БМТ) доимий вакили Саид Иравоний АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши олиб бораётган урушида иштирок этганликлари важи билан Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Баҳрайн ва Иорданиядан ҳам товон талаб қилишларини билдирди. Эрон давлат телевидениеси Иравонийнинг бу масала бўйича БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Хавфсизлик Кенгаши раислигига йўллаган мактубини эълон қилди.
Мактубда номи тилга олинган давлатлар АҚШ–Исроил ҳужумларида ўз ҳудудларидан фойдаланишга рухсат берганлари ҳақида Эрон Қуролли Кучларининг кузатув ва баҳолаш ҳисоботларига асосланган далиллар аввалроқ Кенгашга тақдим этилгани эслатиб ўтилди. Мактубда: “Эрон (аввалги тақдим этган ҳисоботида) тажовузкорлар (АҚШ–Исроил) мазкур давлатлар ҳудудларидан фойдаланганини ва баъзи ижтимоий объектларга нисбатан ноқонуний ҳужумларда бевосита иштирок этганларини билдирган”, деган иборалар қўлланган. Ушбу 5 та давлат халқаро мажбуриятларини бузганлиги даъво қилинган мактубда, Эронга етказилган барча моддий ва маънавий зарарлар қопланиши кераклиги таъкидланди.
Теҳрон раҳбарияти АҚШ билан ўт очишни тўхтатиш эълон қилинган 8 апрель куни музокараларда кўриладиган 10 та модда орасида “Эронга етказилган зарарларни ҳисоблаб, тўлиқ қоплаш” шарти ҳам борлигини маълум қилган эди.