- 2024-10-31
Тожик миллати 1924 йилгача мавжуд бўлмаган. Адиб Холид ғарбда чоп этган “Ўзбекистон: Революция даврида туғилган миллат” номли китобида шундай қарорга келди. Адиб Холид шундай ёзган: Рахим Масов “Болта билан бўлиш тарихи” (Душанбе, 1991), “Тожиклар: мутлақо махфий грифи остида” (Душанбе, 1995), “Тожиклар: сиқиб чиқариш ва ассимиляция” (Душанбе, 2003) каби асарларида тожик позициясини жуда яхши ифодалаган. Рахим Масов ўз асарида миллий-ҳудудий чегаралаш ҳужжатлари билан танишган вақтда тожиклар мавжудлигини ҳеч ким пайқамаган деган таасурот ҳосил бўлади деб таъкидламоқда. У ҳақ, лекин бу ҳақиқат унинг фикрига мос келмайди. Р.Масов тожик комиссиясини шундай таърифлаган: “тутуриқсиз, аниқроғи жиноий ва хоинларча (тожик миллатига нисбатан)”. Биз ҳодисаларни бошқача изоҳлашимиз мумкин. 1924 йили Ўрта Осиёда форс тилида гаплашувчилар кўп бўлган. Лекин тожик милати бўлмаган. Аниқроғи Ўрта Осиёда ҳатто тожик миллати номидан гапирувчи тожик ҳаракати ҳам бўлмаган. Уларни туркий тилда гаплашувчи қўшниларидан ажратиб турувчи ягона нарса гаплашадиган тили эди. Бу нарса форс тилида гаплашувчи Туркистон аҳолисини бирлаштирувчи куч бўла олмади. 1924 йилда ҳақиқатан ҳам тожиклар миллат сифатида мавжуд бўлмаган.
Кўпгина ёш бухороликлар икки тилда гаплашардилар. Улар учун “ўзбек” ёки “тожик” бўлиш ўз ихтиёрларидаги бир танлашдангина иборат эди холос. Жуда кўпчилиги ўзбек бўлишни хоҳлади. Ёш бухороликларнинг ҳукуматдаги маданий сиёсати тожиклик тақдирини ҳал қилишда муҳим роль ўйнади. Улар учун Бухоро Ўрта Осиёнинг чиғатой мероси бўлиб, озодликка эришиш миллийлаштириш ва туркийлаштириш орқали эди. Бухоро ҳукумати бошқарувида ўрин эгаллаганларидан кейин улар жамиятга ўзларининг тушунчаларини сингдира бошлашди. Янги давлат тузуми расмий тилни ўзбек тилига ўзгартириб, янги очилган барча мактаблар ўзбек тилида таълим беришини қарор қилишди. Давлат “эроний ва форсий биродарлари” учун форс мактабларига ҳам рухсат берди. Лекин “Бухоронинг ўз халқи” ўзбек тилида ўқиши керак. Чиғатойчилар фикрича, Туркистон туркийлар мамлакатига айланди. Ҳожи Муиннинг мактубларида “Автоном Туркистоннинг 95%и туркий мусулмонлардан иборат” деб таъкидланади.
Кўплаб форс тилида гаплашувчилар ўзларини туркийлар деб қабул қила бошлади. Бунга мисол қилиб Фитратни келтириш мумкин. У Истанбулдан бухороликлар аслида туркий бўлган, кейинчалик Эрон маданияти таъсирида форс тилини қабул қилган деган ишонч билан келади. Форс тилида гаплашувчилар бир хиллигини шакллантириш Сайид Ризо Ализода деган шахс томонидан чиқарилди. Унинг келиб чиқиши Эрондан бўлиб, тоза эроний эди. У Самарқандда “Шуълаи инқилоб”ни чоп этиб, Беҳбудий билан “Ойина” газетасида ҳамкорлик қилди. 1917 йилдан кейин иштиёқ билан коммунистик партия ташкиллашда иштирок этди.
Айнан у Туркистон аҳолиси орасидаги форс тилида гаплашувчиларни жамлайдиган форс миллатини шакллантириш ғоясини ўртага чиқарди. Совет ташкилотларига кўра “тожик” деган миллат мавжуд эмасди. 1920 йилги Политбюро кўрсатмасида Туркистоннинг туб аҳолиси ўзбек, қозоқ ва туркманлардан иборат эди. Тожиклар ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган. Шунга қарамай 1919 йили миллий ишлар комиссариати томонидан “форс” бўлими ташкил этилди. Бу бўлим Туркистондаги “миллий озчилик” билан ишлашга мўлжалланганди. Молия вазирлиги ўзининг ходимларини мусулмон, татар ва русларга бўлганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса ходимларини “маҳаллий” ва “овруполи” деб ажратганди. Вилоят полицияси ходимларини турк, форс, тожик, рус, яҳудий ва татар деб, ижроқўм эса бухоролик, татар, рус ва яҳудий деб бўлганди.
Тожик деган ном фақат шарқий Бухоронинг аҳолисига нисбатан ишлатилган. Бухоро шаҳри ва республиканинг марказий қисми аҳолиси бухоролик, ўзбек ёки турк деб айтилган. Ягона 1922 йилда Бухоро коммунистик партиясининг марказий қўмитасидан Серж Оржоникидзега тақдим этилган ҳужжатда Бухородаги тожиклар сони 390 минг деб кўрсатилган. Бу умумий аҳолининг 14%ини ташкил қиларди.
Аниқ маълумотлар бўлмаган, лекин ҳужжатларда Ўрта Осиёда 1 миллион 240 мингга яқин тожик борлиги тан олинган. Тожиклар узлуксиз истиқомат қиладиган ягона ҳудуд шарқий Бухоро ва Самарқанд вилоятининг қўшни туманлари бўлган. Шу ерда тожик автоном вилояти қурилиш керак эди.
“Ҳозирча қолган тожикларни тожик автоном вилоятига қўшиш мақсадга мувофиқ эмас” деб айтилган ҳужжатда. Чунки тожик аҳолисининг асосий қисми Зарафшон водийсининг шаҳарларида истиқомат қилишган. Ҳолбуки бу шаҳарлар ўзбек туман марказлари ва ўзбек аҳолиси билан зич ўралганликдан бунга имкон йўқ эди.
Тожик автономиясини қуриш ғояси, аслида, мавжуд бўлмаган тожик қўмитасидан эмас, балки Файзулла Хўжаевдан чиққан фикр эди! 1924 йил май ойида ўрта Осиё бюроси миллат сифатида тан олинганлар учун миллий ҳудудий чегаралаш ишларини бошлади. Тожиклар бу вақтда ҳали тан олинмаганди. Абдулла Раҳимбоевга тожик тарафига ушбу масалада ёрдам беришни топширишди. Ушбу таклиф жавобсиз қолди ва чегаралаш тожикларни тамсил этувчиларсиз амалга оширилди.
Ўрта Осиё бюроси янги чегараларни шакллантиришда ҳудудий комиссия ташкил этганда ҳам тожик ҳайъати йўқ эди. Сўнгра тожикларнинг вакили сифатида Абдураҳим Ҳожибоев, Чинор Имомов ва Мусо Саиджоновлар тайинланди. Ҳожибоев Хўжандда туғилган бўлиб, унинг аввалги фаолиятининг тожикларга умуман алоқаси йўқ эди. Бундан у ўзини тожик сифатида кўриш учун ҳеч қандай асос бўлмаганлигини кўрсатади. Имомов Самарқандда туғилиб, шу ерда ишларди. Саиджонов эса Бухорода туғилиб, ёш бухороликларнинг асосий намояндаси эди.
Тожик комиссиясининг таркиби ўзбек делегацияси аъзолари билан тўлдирилди. Янги республикада коммунистлар сони шунчалик кам эдики, ҳатто уни бошқариш учун кадрлар етишмасди. Янги республика бошқаруви асосан ўз ихтиёри билан борган бегона кишилар тарафидан ташкилланди. Янги республика идораларида аксарият славянлар ишлашарди.
Сиёсий раҳбарлар ҳам асосан Туркистон ва Бухородан чиққан пантуркист “тожиклардан” иборат эди. Улардан кўплари ўзларини 1924 йилгача тожик деб аташмаганди. Уларнинг асосий қисми, Тошкент ва Бухородаги партиядаги мағлубиятларидан кейин Туркистон идеясига аламзадалик туфайли Тожикистонда пайдо бўлишганди. Тожикистон халқ комиссари бўлган Абдуқодир Муҳитдинов ёш бухоролик сифатидаги бутун фаолияти давомида ўзини ўзбек деб атарди. 1924 йили у чегаралаш бўйича ўзбек делегациясида иштирок этиб, ҳеч қачон тожик сўзини ишлатмаган (стенографияга кўра). Лекин унинг Файзулла Хўжаевга адовати бўлиб, Тожикистон қурилиши Хўжаевга имкон туғдирди. Хўжаев Ўзбекистон коммунистик партиясидаги аъзолигидан фойдаланиб, Муҳиддиновни тожик революцион комиссари этиб тайинлади. Бухороча ибора билан айтганда Муҳиддиновни админстратив сургун қилди. Сиёсий мағлубияти Муҳиддиновни охир-оқибат тожикка айлантирди. Абдулла Раҳимбоев ҳам Ҳожибоев каби Хўжанддан эди. У Туркистон коммунистик партиясида ўзбек сифатида танилди. Файзулла Хўжаевдан мағлубият олгач Москвага кетиб, турли вазифаларда ишлади. У Ўрта Осиёга 1933 йили тожик сифатида қайтиб келди. У Тожикистон халқ комиссари Хожибоевни алмаштириш учун келди.
Фитнада айбланган кўплаб партия фаоллари Тожикистонга юборилди. Дастлабки йиллари Тожикистон асосан тасодифан бориб қолган одамлар тарафидан бошқарилди. "Тожикистон" номли сунъий давлатча Бухородаги сиёсий кураш мағлублари учун сургун жойига айланди. Бугунги ясама тожиклик шундай "кераксиз", "аламзада" ва тасодифий шахслардан пайдо бўлди.Тожикистоннинг пайдо бўлиши шу тариқа Ўзбекистоннинг пайдо бўлишининг терс тарафига рўёбга чиқди. Ўзбекистон темурий давлатчилигининг меросхўри бўлса, Тожикистон унинг қўлга ўргатилган фракцияси бўлди. Тожикистоннинг пайдо бўлиши ўзбек раҳбариятининг қарори билан Рус сценарийси асосида амалга ошди! Лутц Режак “Тожикистоннинг пайдо бўлиши тожик миллийлашув жараёнининг натижаси эмас, шунчаки вазият шуни тақозо қилганди” деб ҳақ гапни айтганди. Тожик миллийлашув жараёни Тожикистон республикаси ташкил этилганидан кейин пайдо бўлди.