“Nissan” компанияси “Mitsubishi”ни қўшиб олди


  • 29 Октябрь, 2016
  • 1006

Renault-Nissan алянсига яна бир япон компанияси қўшилиб, автомобиль ишлаб чиқариш саноатида йирик компанияга айланди.

Nissan Motor компанияси автомобиль ишлаб чиқарувчи Mitsubishi Motors Corporation (MMC)нинг 34% ҳиссасини сотиб олиб, компаниянинг энг улкан ҳиссадорига айланди. MMC 237 миллиард иен ($2,29 млрд)га 506 миллион акцияни муомалага киритди. Nissan Motor ушбу акцияларни сотиб олди. 

Mitsubishi Motors Renault-Nissan алянсига қўшилиб, унинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. 

Nissan президенти ва гендиректори Карлос Гон Mitsubishi Motors директорлар кенгашини бошқаради. Бундан ташқари MMC директорлар кенгаши таркибига уч нафар Nissan менеджери киради. Ушбу тайинлашлар 14 декабрдан бошлаб кучга киради. Nissan вице-президенти Тревор Манн MMCнинг бош операцион директори бўлади.

Собиқ директорлар кенгаши раиси ва президент Осаму Масуко MMC гендиректори лавозимини эгаллайди. Масуко Mitsubishi автомобилларида ёқилғи сарфи ҳақидаги ёлғонни ўз бўйнига олиб, истеъфога чиқмоқчи эди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида компания автомобиллардаги ёқилғи сарфини қасддан камайтириб кўрсатишини тан олганди. Юзага келган жанжалдан компания президенти ва операцион директори Тетсуро Айкава истеъфога чиққанди. Таҳлилчиларнинг ҳисобига кўра,Mitsubishi харидорларга товон сифатида ва солиқ имтиёзларини қайтариб бериш учун 1 миллиард доллар сарфлаши лозим.

Nissan билан алянс MMCга 25 миллиард иен ($ 241 млн) келтиради.

Renault - Nissan - Mitsubishi алянсининг қурилиши уни Toyota Motor, Volkswagen Group ва General Motorsлар қаторида жаҳонда автомобил сотиш бўйича тўртинчи йирик компанияга айлантиради.

MMCда 30 000 ишчи меҳнат қилади. Компаниянинг Япония, Таиланд, Хитой, Филиппин ва Россияда заводлари бор. 2015 молия йилида жаҳонда сотилиш кўлами 1,05 миллионга етди. MMCнинг 2015 молиявий йил пул айланиши 2,28 триллион иен ($21,9 млрд), соф даромади - 89,1 миллиард иен ($861 млн) ни ташкил этди. 


Бошқа мақолалар