- 2024-04-12
Индонезияда 280 нафар йўловчи ташувчи кемада ёнғин юз берди. Уч киши ҳалок бўлган ушбу фожиада кўплаб йўловчилар жонларини сақлаб қолиш учун денгизга сакрашга мажбур бўлишди.
«KM Barcelona 5» номли йўловчи кемаси ҳаракатда бўлган пайтда ёнғин келиб чиққан. Индонезиянинг табиий офатларни бошқариш ва зарарни камайтириш агентлиги раҳбари Дани Репининг сўзларига кўра, мамлакатнинг шимолидаги Шимолий Сулавеси вилоятига қарашли Манадо шаҳри яқинида маҳаллий вақт билан соат 13:00 атрофида кемадан тутун чиққани аниқланган.
Қидирув-қутқарув хизмати вакили Вери Ариянтонинг маълум қилишича, тахминан 280 йўловчи бўлган кемада юз берган ҳалокат оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 150 нафар йўловчи эса қутқарув гуруҳлари ва балиқчи кемаларининг саъй-ҳаракатлари билан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган.
Ариянтонинг қўшимча қилишича, қутқарув ишларига иккита махсус қутқарув кемаси, шиширилувчи қайиқлар ва яқиндаги бошқа кемалар жалб қилинган. Қутқарув ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Ёнғин сабаблари бўйича тергов бошланган.
Гувоҳлар томонидан олинган видеоларда йўловчиларнинг ёнғиндан қочиш мақсадида сувга сакраётгани акс этган.