- 2018-02-26
Буюк шоир Абдулла Орипов 8 ноябрь, ҳафтанинг сешанба куни дафн этилади.
Шу йилнинг сентябрь ойида АҚШга даволаниш учун жўнаб кетган Абдулла Орипов 5 ноябрь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги шифохонада вафот этди. Маълумотларга кўра, у 3 ноябрь куни кома ҳолатига тушиб қолган, 5 ноябрь куни эрта тонгда эса унинг аҳволи оғирлашган.
6 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Қаҳрамони ва Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг вафоти ҳақида баёнот берди.
“Маҳаллий вақт билан 2016 йил 5 ноябрга ўтар кечаси Хьюстон шаҳридаги (АҚШ, Техас штати) касалхонада Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг 75 ёшида вафот этди. Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг оиласи ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этади. Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келишга ва ўз ватанида дафн қилишга қарор қилган Абдулла Ориповнинг оила аъзоларига ёрдам бериш учун Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Элчихонасига консуллик ва бошқа масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш тўғрисида кўрсатма берилди”, дейилади баёнотда.
Абдулла Ориповнинг жасади ортилган самолёт АҚШдан Ўзбекистонга 7 ноябрь куни кечки соат 20:00да қўнади. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали хабар берди.
8 ноябрь куни элимиз суйган шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов “Чиғатой” қабристонига дафн этилиши кутилмоқда.