Қозоғистонда авиакомпаниялар учун янги жарима жорий этилди


  • 18 Апрель, 2025
  • 19

Қозоғистонда эндиликда самолётдаги ўринлар сонидан кўпроқ чипта сотиш — яъни овербукинг амалиёти учун авиакомпаниялар маъмурий жавобгарликка тортилади. Вилоятлар орасидаги ички рейсларда йўловчилар ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда авиакомпанияларга жарима солинади. Бу ҳақда Бош транспорт прокуратураси маълум қилди.

“Ички рейсларда йўловчи, юк ва багаж ташиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Янги қоидага кўра, авиакомпания 50 МҲК (меъёрий ҳисоблаш кўрсаткичи) миқдорида жаримага тортилади”, — дейилади прокуратура баёнотида.

Прокуратура таъкидлашича, аввалроқ бундай жавобгарлик фақат халқаро рейсларга тааллуқли эди. Янги нормага мувофиқ, агар йўловчида амал қилувчи чипта бўлса ва шунга қарамасдан унга бортига чиқиш рад этилса, авиакомпания 50 МҲК — 2025 йил учун 196 600 тенге миқдорида жарима тўлайди.

Овербукинг амалиёти халқаро авиакомпаниялар томонидан кенг қўлланилади. Улар йўловчиларнинг барчаси рейсга келмаслигини ҳисобга олиб, жойлар сонидан ортиқ чипталарни сотишади. Бироқ, агар барча йўловчилар рейсга келса, айримларига бортига чиқиш рад этилади, бу эса, айниқса, байрам ёки дам олиш кунлари йўловчиларнинг қаттиқ норозилиги ва стресс ҳолатига олиб келади.

Қозоғистон прокуратураси маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида айрим авиакомпаниялар бу амалиётни мамлакат ички оммабоп рейсларида қўллашни бошлаган. Натижада, тўлиқ тўланган чиптаси бўлган йўловчилар учиш имконидан маҳрум бўлиб, ўз вақтлари ва маблағларини йўқотишган.

Аввалроқ Қозоғистон транспорт вице-вазири Талгат Ластаев мамлакатда авиакомпанияларнинг реал ўринлар сонидан ортиқ чипта сотиши — овербукинг амалиёти қонуний эмаслигини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, авиакомпаниялар бу қоидани тушунган ҳолда ҳам амалиётни қўллашда давом этмоқда. Аммо бундай ҳолатлар аниқланса, улар жавобгарликка тортилади.


Бошқа мақолалар