- 2024-07-04
2016 йилда ялпи миллий даромади ва соғлиқ харажатларига нисбатан қурол-яроғга энг кўп пул сарфлаган ўлка Исроил бўлди. Рўйхатнинг биринчи ўнталигида Арманистон, Россия, Жанубий Кипр ва Греция ҳам бор.
Жаҳонда анча йиллардан бери айтиладиган “Қурол-яроғдан қутулиб, тинчлик ўрнатиш” шиори сўнгги йилларда ўрнини яна қуролланишга бўшатиб берди. Ҳали ҳануз Ўрта Шарқда қон тўкилиши, Россия ва Украина орасида ва Жанубий Хитой денгизида тўқнашувлар давом этмоқда. Анча йиллардан бери мудофаа харажатларини камайтирган Европа ҳам Украинадаги ҳолатни кўриб, муносабатини ўзгартирмоқда. Шарқий Европа ва Балтика ўлкалари ҳарбий сарф-харажатларини орттирмоқда, НАТО бу ўлкаларга қўшимча ҳарбийлар юборишга қарор қилди.
Бонн халқаро қуролсизланиш марказининг (BICC) 2016 йилги глобал қуролланиш индекси (GMI) ҳисоботида бу борада маълумотлар берилган. Қуролланиш харажатларида 152 давлат ичида Исроил ҳарбийларга жаҳонда энг кўп харажат қилган ўлка бўлмоқда.
BICC қуролланиш критерияси сифатида фақатгина ўлкаларнинг қуролланиш харажатларини асос қилиб олмаган. Агар бу критерия бўйича баҳоланса, АҚШ 595 миллиард доллар билан биринчи ўринни эгаллайди. Уни 214 миллиард доллар билан Хитой таъқиб этмоқда. BICCнинг тадқиқотидаги асл критерия бир ўлканинг ялпи ички маҳсулотига ва қуролланишнинг соғлиқ соҳасидаги сарф-харажатга нисбатан қанчалик кўплигини ҳисоблашдир.
Бу критериялар билан баҳоланганда Россия 91 миллиард доллар харажати билан АҚШдан анча оз маблағ сарфлаган кўринсада, лекин индекс критерияларига кўра рўйхатда бешинчи ўринда, АҚШ ва Хитойдан олдинда.
Қуролланишга энг кўп маблағ сарфлаган ўлкалар орасида дастлабки ўнталикда Исроилдан кейин Сингапур, Арманистон, Иордания, Россия, Жанубий Корея, Жанубий Кипр, Греция, Озарбайжон ва Брунея турибди. Брунеяни Қувайт, Беларусь, Уммон, Жазоир, Украина, Баҳрайн, Саудия Арабистон, Мўғилистон, Вьетнам ва Туркия таъқиб қилмоқда.
Мутахассислар ҳозиргача Суриянинг қуролланишга қанча сарфлагани ҳақида маълумот бера олишмаяпти. Лекин ҳисоботни тайёрлаганлардан Макс М.Мюшер “Бу ўлканинг қуролланиш харажатлари ва қуролланиши жуда юқори, Уруш сабабли бу янада ортганлигини” айтди.
Ўрта Шарқда Исроилнинг қўшниларида ҳам қуролланишда ортиш кузатилмоқда. Миср 2013 йилги ҳарбий тўнтариш охирида 2015 йилда ҳарбий харажатларни 53,6 миллиард долларга чиқариб, сезиларли ортиш қайд этди.
Саудия Арабистоннинг харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 13,7%ига тенг келади. Мутахассислар инқироз минтақаси ҳисобланган Ўрта Шарқ учун бу кўрсаткичнинг жуда юқори эканлигини айтишмоқда.
Қрим ярим оролининг Россия тарафидан қўшиб олинишидан кейин Украинанинг қуролланиши сезиларли даражада ортиши табиий ҳол. Украина 2015 йили 23-ўринда бўлса, 2016 йил 15-ўринга кўтарилди.
Россиянинг Украинадаги босими туфайли кўплаб Шарқий Европа ўлкалари ҳам қуролланишга харажат бўлишни орттирган. Польша, Чехия ва Словакия билан бирга Балтика ўлкалари 2016 билан 2015 йиллари орасида ҳарбий харажатларни орттирди.
Буларга қарамай, кўплаб Ғарбий Европа ўлкаларининг қуролланиш борасида рўйхатнинг охиридан жой олгани кузатилмоқда. Германия (100-ўрин), Франция (60), Англия (71), Италия (81), Испания (92) ўлкалари рўйхатнинг қуйи қисмидан ўрин олган.
Лекин ҳисоботни тайёрлаганлар бу ҳолатнинг ўзгаришини кутишмоқда. Ғарбий Европа ўлкаларида 2016 йилда қуролланиш сарф-харажатлари 2,7%га ўсишини тахмин қилишмоқда. Германия мудофаа харажатларини 2019 йилгача 6,2%га орттиришни режалаштирмоқда.
Осиё қитъасида Жанубий Хитой денгизидаги келишмовчиликлар туфайли харажатлар ортиши қайд этилмоқда. BICC ҳисоботида Хитой, Индонезия, Вьетнам, Филиппин ва Япониянинг қуролланиш харажатлари маълум бир кўрсаткичда қолгани айтилмоқда.
Ҳисоботни тайёрлаганлар Африка қитъасидаги барқарорликка қовуша олмаган Либерия ва Сьерра-Леоне каби баъзи собиқ гражданлар уруши ўлкаларида ҳарбий харажатлар оз бўлса ҳам хавфли эканлигини айтишмоқда. Бошқа тарафдан юқори ҳарбий харажатларнинг очлик билан курашиш ёки соғлиқ тизимини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган моддий манбаларни қисқартаётганига диққат қаратишди. Масалан, Анголада ҳар100 минг аҳолига 1та доктор, лекин 48та аскардан тўғри келади.