- 2022-11-11
Япония бош вазири Фумио Кисида ҳукумат тез орада ўлкада туғилишни кўпайтириш тезкор чора-тадбирларни олиши ҳақида маълум қилди.
Япония Монакодан кейин аҳоли ёши катталиги бўйича иккинчи ўринда туради. Аҳолининг қариши ва камайиши ўлка иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга олиб келади. Кисиданинг сўзларига кўра, айни пайтда аҳолининг камайиши муаммосини ҳал этиш вақти келган. У ўз нутқида Япония аҳоли қариши туфайли одатдагидек фаолият кўрсата олмаслик хавфи олдида турганлигини айтди.
Кисида “Миллатимиз ўз ижтимоий функцияларини бажара оладими ёки йўқми деган масала қаршисида турибди. Ҳозир ёки ҳеч қачон. Туғилиш ва болалар тарбияси сиёсати ҳақида гап кетганда бу масала кейинга қолдириб бўлмайдиган масала ҳисобланади. Биз болаларга йўналтирилган иқтисодий жамият қуришимиз ва бу билан туғилиш масаласини ҳал этишимиз лозим” деди.
Бош вазир ҳукумат ушбу масалага бюджетдан ажратилган маблағни икки баравар кўпайтириш бўйича режани жорий йилнинг июнь ойига тақдим этишини ҳамда апрель ойида болалар ва оила ишлари бўйича агентлик ташкил этилишини маълум қилди.
Шуни таъкидлаш керакки, Япониянинг сўнгги йиллардаги аҳолини кўпроқ фарзанд кўришга йўналтирган молиявий бонуслар, қўшимча тўловларга қарамай ўлкадаги туғилиш даражаси 14 йил давомида тушиб бормоқда.
Ҳозирги кунда Японияда ўртача ёш 49 ни ташкил этади. Бу борада биринчи ўринда Япониядан олдин Монако 55 ёш билан турибди. Ўртача ёш кўплаб давлатларда 30-40 орасини кўрсатади. Япония болалар тарбиясининг қимматлиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради.
Ўтган йили Японияда туғилган гўдаклар сони биринчи марта 800 мингдан камайиб кетди. Ушбу кўрсаткич ҳукумат тахмин қилганидан 8 йил олдин рўй берди. Тахминларга кўра, 2060 йилга келиб Япония аҳолиси 125 миллиондан 86,7 миллион кишигача камайиб кетади. Бу эса ўлка иқтисодиёти ва хавфсизлиги учун жиддий оқибатларга олиб келади.