Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди


  • 5 Декабрь, 2016
  • 1201

4 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов томонидан эълон қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Президент сайлови натижалари бугун, 5 декабрь куни соат 17:00 да эълон қилинди.

Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича республика матбуот марказида навбатдаги брифинг бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилди.

Натижаларга кўра, Шавкат Миромонович Мирзиёев жами сайловчиларнинг 15 млн 906 минг 724 нафар сайловчи ёки 88,35% овоз билан Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти этиб сайланди.

 Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаровнинг номзоди қўйилган эди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 14 та сайлов округида 9 минг 383 та сайлов участкалари ташкил қилинган. Шунингдек, хорижий давлатлардаги 44 та сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди.

Ўзбекистон Республикаси бўйича 20 миллион 428 минг 891 сайловчининг 17 миллион 941 минг 955 нафари овоз бериш жараёнларида иштирок этган. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади.


Бошқа мақолалар