- 2020-03-18
Бугун 16 январь соат 07:30 да Бишкекнинг “Манас” аэропортига қўнаётган самолёт ҳалокатга учради. Авиафалокат оқибатида 30 дан кўпроқ одам ҳалок бўлди.
Turkish Airlines авиакомпаниясининг Гонконг-Бишкек рейсини бажараётган Boeing 747 юк самолёти аэропорт яқинидаги дала ҳовлилар жойлашган қишлоққа қулаган.
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Айни вақтда самолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар бўйича маълумотлар аниқлаштирилмоқда, бироқ гап маҳаллий аҳоли ва самолёт экипажидан бўлган камида 30 киши ҳақида кетмоқда”, деб хабар берди.
Маълумотларга кўра, воқеа жойига Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнебеков ва соғлиқни сақлаш вазири Талантбек Батиралиев етиб келган. Қутқарув ишларини ўтказиш бўйича штаб ташкиллаштирилган.
Самолётнинг қулаши оқибатида иккита уй ёниб кетган. Ҳозирда маҳаллий аҳоли орасидан 20 дан кўпроқ одам, жумладан 6 нафар бола ва самолёт экипажининг 3 аъзоси ҳалок бўлгани маълум. 5 киши оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган.
Охирги маълумотларга кўра, воқеа жойида чиққан ёнғин бартараф этилган, воқеа жойи вайроналардан тозаланмоқда.