- 2017-11-14
Туркистон вилоятининг Арис шаҳри аҳолисини 24 июнь куни эрталаб кучли портлашлар уйғотди. Портлашлар шаҳар чеккасида жойлашган ҳарбий қисм ҳудудида юз берди.
Фавқулодда вазиятлар қўмитаси “Бугун эрталаб соат 09:20 да ёнғинни ўчириш хизматига Арис шаҳридаги ҳарбий қисм ҳудудида портлаш ва ёнғин ҳақида хабар келиб тушди. Ҳодиса жойига шахсий таркибдан 30 киши ва 8 та техника жалб этилди” деб маълум қилди.
Ҳарбий қисмдаги омборлардан бирида ёнғин юз бериб, ўқ-дорилар портлашига сабаб бўлган. Портлашлар натижасида 34 киши касалхонага мурожаат қилган. Улардан уч нафари оғир аҳволда.
Туркистон вилояти ҳокими Умирзақ Шукеев Арис шаҳри аҳолиси бутунлай эвакуация қилинишини маълум қилди. Маҳаллий аҳолининг хабар беришича, одамлар бутун оилалари билан шаҳардан чиқиб кетишмоқда. Шаҳар йўлларида тирбандлик пайдо бўлган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мудофаа вазири, ички ишлар вазири Туркистон вилояти ҳокимига зудлик билан портлаш оқибатларини ликвидация қилиш чораларини кўришга кўрсатма берди.
Эслатиб ўтамиз, 2009 йил март ойида Арис шаҳридаги омборидаги портловчи моддалар ёниб кетганди. Натижада ўқ-дорилар портлаши юзага келганди. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 17 киши жароҳат олганди. Портлаш сабаби сифатида омборда портловчи моддаларни сақлаш ва ишлаш қоидалари қўпол бузилганлиги кўрсатилган эди.