АҚШ кўз олайтираётган навбатдаги давлатлар


  • 9 Декабрь, 2016
  • 1238

АҚШнинг ривожланаётган мамлакатларга таъсир ўтказиши оддий тизимга асосланган: улар эртами-кечми бунинг товонини давлат мулки билан, Америка бизнесини киритиш ёки ҳарбий базасини жойлаштириш орқали тўлашларига тўғри келади. 15 йил деганда Грузия, кейин эса Украина Россия таъсири остидан чиқиб кетди. Ўтган ҳафта эса Қирғизистон ҳам сиёсий баёнот билан чиқди: мамлакат президенти Россия ҳарбий базасидан қутулиш истагини билдирди. Америка ташқи сиёсий машинасининг жорий молиявий йил учун тақдим этган бюджет лойиҳасига берган тушунтириш хатидан маълумки, Қирғизистон – АҚШ Давлат департаментининг МДҲ давлатларидаги устувор нишонларидан бири. Хайрли ишларни молиялаштириш ҳажми бўйича Қирғизистондан ташқари, Арманистон, Тожикистон ва Молдова алоҳида қайд этилган. Сўнгги икки йилда уларга сафарбар этилган бюджетлар 3 ҳисса ошиб, бир неча ўн   миллион долларни ташкил этди. Арманистон - 26,4 миллион доллар, Тожикистон - 41,6 миллион доллар, Қирғизистон - 51,8 миллион доллар, Молдова - 59,1 миллион доллар. 

Бу Беларусь (9 миллион доллар), Қозоғистон (8,8 миллион доллар), Озарбойжон (12,9 миллион доллар), Туркманистон (4,8 миллион доллар), Ўзбекистон (10,6 миллион доллар)га қараганда бир неча баробар кўпдир. Давлат департаменти линияси бўйича бу мамлакатларга ажратилган пул маблағлари икки йилда атиги 5-20 фоизга ўсган. Энг кўп бюджет Украинада (294,9 миллион доллар, бир йил аввал ярим миллиард доллар бўлган), шунингдек Грузияда (90,3 миллион доллар, 20 фоизга ўсган) қайд этилган. Эслатиб ўтамиз, Грузия МДҲдан чиқиб кетган, мамлакат ҳукумати ўз ҳудудида Америка ҳарбий базасини жойлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Давлат департаменти ҳужжатларида АҚШнинг таъсир ўтказиш тамойили яққол кўзга ташланиб турибди. У ёки бу ривожланаётган мамлакатнинг муаммоли нуқтаси белгиланади (масалан, фуқаролик ҳуқуқлари, чучук сув етишмовчилиги, ОИТС, кичик бизнесдаги муаммолар) - маҳаллий халқ бунинг учун миннатдор ҳам бўлади. Бироқ охир-оқибат, бундай ислоҳотлар натижасида ушбу давлатлар олаётган ёрдамидан кўпроқ нарсасини бой беради. Инвестициялар муддати ва дивидентлар турлари бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Бу - узлуксиз инвестиция жараёни, "монополия" ўйини. Инвестициялардан кейин кўп нарсани йўқотиши мумкин бўлган мамлакатлар ҳукуматлари АҚШни ички ишларга аралашувда айблашади, унга қаршилик кўрсата бошлашади ва кўпинча халқ олдида ўз нуфузларини йўқотишади, зеро бу уларнинг катта муаммоларни ўзлари ҳал қила олмасликлари натижасидир. 

Хўш, 5 йил аввал Америка авиабазаси чиқариб юборилган Қирғизистонда қандай муаммолар ва камчиликлар топилди? АҚШ Давлат департаменти ҳужжатларида ёзилишича, келаси йилда бу ерда президентлик сайловлари бўлиб ўтади "2017 йил демократик тараққиёт учун қийин кечади, зеро мамлакат заифлашади ва сон-саноқсиз муаммолар гирдобида қолади - рақобатбардош ишчи ўринларининг етишмаслиги, коррупция, қонуннинг кучсизлиги, электр энергиясининг доимий етишмовчилиги, ижтимоий инфратузилманинг ёмонлашуви ва ҳ.к. Қирғизистон Республикаси бу муаммолар билан курашиб, у ердаги фуқароларнинг турмуш даражасини демократия яхшилаши мумкинлигини кўрсатиши керак. АҚШнинг ёрдами бу мамлакатга барқарорлик олиб келади ва Россия зуғуми олдидаги заифлигини камайтиради". Шундай қилиб, қайта тайинланган судьяларни ўқитишга 1,2 миллион доллар сарфланади, 3 миллион доллар - бошланғич мактабда ўқиш кўникмаларини яхшилашга, нодавлат ташкилотлар ва мустақил медиалар ижтимоий назоратини такомиллаштириш учун грантларга эга бўлишади, одам савдоси билан курашишда давлат тузилмаларига ёрдам кўрсатиш, наркотрафик, сил касаллиги, ОИТС, ҳарбийлар ва полициячиларни ўқитиш, энергетика ислоҳотларида ёрдам бериш режалаштирилмоқда.

Арманистонга доир бўлимда энергетика ва Россия агрессияси мавзуларига янада катта эътибор қаратилган: АҚШ унинг Россияга қарамлик даражасини камайтирмоқчи. Америка муқобил энергетикани ривожлантиришда унга ёрдам беришга ваъда бермоқда. Бюджет ҳужжатларига кўра, 1977 йилда "хавфсизликни кўзлаб" қурилган Арманистон АЭС АҚШ Давлат департаментида хавотир уйғотмоқда. Бунга қисман станциянинг сейсмик хавфли зонада жойлашганлиги ва қисман Арманистон томонидан бомба яратилиш эҳтимоли сабабдир. Мамлакат энергия эҳтиёжларининг 30 фоизини таъминловчи АЭС "Росатом" ва Россия давлат кредитлари ёрдамида ишлайди ва модернизациялаштирилади. Шунга қарамай, АҚШ Давлат департаменти ушбу станция фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унинг хавфсизлигини ошириш учун 2,5 миллион доллар ажратишни кўзда тутган. Бундан ташқари, АҚШ Арманистонга Россия газидан воз кечишда ёрдам бермоқчи. Арманистон энергетика вазири ўринбосари Айк Арутюнян 2016 йилнинг ноябрида мамлакат 2020 йилгача 200 МВт'ли шамол электр станцияларини қуришини маълум қилганди. Бунинг учун тахминан 200-300 миллион доллар керак бўлади. Арманистон ва Тожикистон бўйича асосий муаммолардан бири сифатида аҳолининг ночор қишлоқ ҳудудларидан Россияга миграция қилиши қайд этилган, зеро бу иқтисодиётнинг РФдан келаётган пул ўтказмаларига боғлиқлигини келтириб чиқаради. Шу боис АҚШ бу икки мамлакат учун чекка ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнес, шунингдек туризмни ривожлантириш дастурларини тайёрлаб қўйди. Бундан ташқари, арманларга турк ва озарбойжонлар билан бизнес-алоқалар ўрнатишга ёрдам бериш ҳам режалаштирилмоқда. Ҳарбий соҳада арман армиясининг ҳарбий ва тиббий қисмларини яхшилаш кўзда тутилган. Шундай бўлган тақдирда улар НАТОнинг тинчликпарвар операцияларида иштирок этишлари мумкин бўлади (биргаликдаги ўқув машқлари ўтказиб бўлинди). Шунингдек АҚШ Давлат департаментининг келгусидаги режаларидан ғарб қадриятларини илгари суриш, узоқ муддатли ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва охир-оқибат, Россияга қарамлилик даражасини пасайтириш ўрин олган. Статистикага кўра, Америка ҳарбий тайёргарлик курсларини ўтаган ҳарбийларнинг 90 фоизи масъулиятли лавозимларга тайинланмоқда. 

Молдовага келадиган бўлсак, АҚШ Давлат департаменти бу ерда ҳукуматни марказлаштиришни мақсад қилган.Коррупцияга қарши курашишда электрон ҳукумат яхшиланади, бу эса порахўрларнинг имкониятларини чеклаб қўяди. Молдовалик агротадбиркорларига омбор ва суғориш инфратузилмаларига инвестициялар масаласида ёрдам берилади. Америкача прагматик ёндашувнинг ижобий томони - шубҳасиз, очиқлик. Россиялик сайловчилар ва сайланувчиларни ташқи сиёсий стратегия билан яқиндан таништиришмайди, америкалик парламентарийларга эса нима учун демократия экспорти билан ниқобланиш кераклиги тушунтирилади. 

"Юмшоқ куч" иш бермаса, доимо захирада "Б" режа бўлади, фақат у ҳеч қачон оммага ошкор этилмайди. 

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар