Фаластинни ким сотди?


  • 31 Май, 2021
  • 661

Катта давлатларга қарз бериб дунё устидан ҳокимият ўрнатган Ротшильд оиласи Фаластинда яҳудий давлати қурилишини қўллаб-қувватлаганди.  

Боболари Иброҳим алайҳиссалом Ироқдан келиб жойлашган Фаластиндан милоддан кейинги 2-асрда Рим зулми сабабли дунёнинг ҳар жойига ёйилган яҳудийлардан бир гуруҳ XIX асрнинг модасига эргашиб она юрт идеали пайига тушди. Дунё бойваччаси яҳудий Ротшильд хонадони ҳам бу ғоя ҳомийларининг бошчиси эди.

Ротшильдлар XVIII асрдан буён банкирлик қилиб бойлик тўплаган, Европа ўлкаларига ёйилган ва аслзодалик унвонини ҳам олиб улгурган Германиялик яҳудий оила эди.

1897 йили Швейцариянинг Базель шаҳрида тўпланган бу миллатчи яҳудийлар (сионистлар) ўша даврнинг энг кучли ўлкаси Британияга мурожаат қилиб, Фаластинда давлат қуришга ёрдам беришларини сўрайди. Бу жой Тавротда уларга “ваъда қилинган тупроқ” эди. Бу ҳодиса Қуръони каримда ҳам ўтади (Моида, 21). Сион Қудусда ҳазрати Сулаймон қурдирган Байти Мақдиснинг устида бўлган бир тепаликнинг номидир.

Усмоний ҳукумати ватан яхлитлигига таҳдид солувчи бу ҳаракатга қарши тадбирлар олди. Хорижликларнинг Ҳижоздан ташқари Усмоний мамлакатида ер сотиб олишларига ўзаро боғлиқлик шарти билан рухсат берувчи 1869 йилги қонун суистеъмолидан қўрқди. 1871 йили Фаластиннинг 80% майдони давлат номига ўтказилди. Ўша йиллари Фаластинда бир неча минг Усмоний ватандоши бўлган яҳудий яшар эди.

1881 йили Россияда қирғинга учраган яҳудийлар Ротшильд ва Хирш каби дунёга машҳур яҳудий бойлар ҳомийлигида оммавий равишда Фаластинга кўчирилмоқчи бўлди. Бунга сионист адабиётида “алияҳ” дейилади.

Шунда султон Абдулҳамид хон II 1882 йили апрель ойида Фаластинга яҳудийлар кўчиб келишини тақиқлайдиган, лекин яҳудийларнинг 150 оиладан ошмаслик шарти билан императорликнинг исталган жойига келиб жойлашишларига рухсат берувчи фармон чиқарди. Фаластиндаги стратегик тупроқларни хазина-и хосса деб аталадиган шахсий хазинаси ҳисобига сотиб олишни бошлайди.

Ротшильдлар 1882 йилдан бошлаб бошқалар номидан Фаластиндан ер сотиб олишга киришади. Бутун давлатларга қарз бергани учун халқаро кучга эга бўлган Ротшильдлар қочоқ Россия ҳудийларнинг бу ерларга жойлашишига рухсат берилишини сўрайди. Элчихоналар ўртага тушади. Ҳукумат нима қилишга ҳайрон эди. Ўша йили рухсатни кутмасдан илк яҳудий колонияси Яфага жойлашади. 1918 йилга келганда Фаластиндаги унумдор ерларнинг 5%и Ротшильдларга тегишли эди.  

1891 йили Россиянинг яҳудийларга нисбатан босимни орттириши туфайли мигрантлар Европадаги ёрдам жамиятлари тарафидан ғайрирасмий ва ғарйиқонуний йўллар билан Фаластинга кўчиб кела бошлади. бу йўлларнинг бошида маҳаллий маъмурларга пора бериш, сохта паспорт, сохта рухсат ҳужжати турарди.

Масалан 1881 йил Франция ишғол қилган Тунис аҳолисини Усмоний ҳукумати ватандош ҳисоблар эди. Яҳудийлар сохта ҳужжатлар билан тунислик қиёфасида Усмоний ўлкасига кириб, ватандош статуси билан Фаластинга жойлашарди.

Фаластинда Сафед қасабасига жойлашиб, ватандошлик олиш учун 1891 йили ариза берган 440 яҳудийнинг талаби рад этилди. Фармон устига фармон чиқарилиб, бунга эътибор қаратилди. Лоқайд маъмурларни жазолашга кўрсатма берилди. Архивлар бунга доир ёзувлар билан тўла.

 Буларга қарамай Фаластинга яҳудий кўчиши тўхтамади. Бунга моне бўла олмаслигини тушунган бош вазир Жавод пошо Ротшильдлар билан келишиб, бошқа мигрант келтирмаслик шарти билан аввалгиларга кўз юмади. Бунинг ортидан 1894 йили султон уни вазифасидан озод этиб, Шомга сургун қилади. Бундан ташқари икки вали ва баъзи маъмурлар ишдан олиниб, жазоланади.

1900 йили муқаддас ерларга кириш шартлари кучга киритилди. Бунга кўра, Фаластинни зиёрат қиладиган ҳар бир яҳудий касби, миллати ва зиёрат сабаби кўрсатилган ҳужжат ёки паспорт олиб юриши шарт эди. Яҳудийларнинг қўлидаги бу “Қизил ҳужжат” Фаластинга борганида расмий мақомлар тарафидан олиниб қайд этиларди. Келганига 30 кун тўлганидан кейин ўлкадан чиқарилиб юбориларди.

Усмоний ҳукумати маҳаллий яҳудийларнинг сионистлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича ҳам ишлар олиб борди. Ҳар яҳудий сионист эмасди. Ҳеч нарсага аралашмасдан тинчгина умр сураётган яҳудийларга тегмаслик керак эди. Бу эса жуда нозик мувозанатни талаб этарди.  

Бу орада сионист ҳаракатининг бошчиси Теодор Герцль султон Абдулҳамидхон билан учрашмоқчи бўлди. Қабул қилинмагач, султоннинг дўсти бўлган Польшалик таниши Филипп Нюлинский воситасида 1901 йили май ойида бир таклиф юборади. Таклифга кўра, Фаластин яҳудий кўчишига очилиши ва у ерда мухтор яҳудий давлати қурилиши эвазига Усмоний давлатининг қарзлари кечилади ҳамда Европа халқига орасида султонни мадҳ этувчи ташвиқот юритилади.

Султон бу таклифни рад этди. Кейинги йил ушбу таклифни қабул эттира олмади. Қарз сабабли Мисрнинг бошига тушган ишлардан чўчиган султон Герцлнинг консалидация таклифини иссиқ қабул қилганди. Уни бу мавзуда воситачи сифатида кўрарди. Ҳолбуки Герцлни фикри бунга қарши колонизация таклифи эди.  

Ҳукуматнинг Ротшильдлардан қарзланиб, эвазига Фаластиндан ер сотиб олишларига кўз юмганлиги иддаоси уйдирмадир. Султон Абдулҳамид замонида аввал улардан олинган қарзлар янгиланган эди. Шунинг учун қарз ола билиш учун ўзини ўтдан чўққа уришнингн ҳожати йўқ эди. Дуюни Умумия идорасини қуриб, ташқи қарзларни назоратга олиб, давлатнинг кредит олиш даражасини кўтариб, салтанати вақтида олинган ташқи қарзлар қурилишга сарфланганди.

Усмоний ҳукуматининг баъзан нотўғри ҳаракат қилиши ёки кучи етмагани учун олдини олишнинг имконини топмаганлиги мумкин ҳолат. Лекин қарз эвазига бунга кўз юмганлигини иддао қилиш аҳмоқликдир.

Ҳеч бўлмаганида Ротшильд ёки Герцль билан келишиб, тахтини муҳофаза қиларди. Шу шаклда Исроил қуриларди. Бунинг устига султон қарздан ҳам кўра кўпроқ тахтини муҳофаза қилишга аҳамият берарди. Лекин Усмоний султонларининг вазифаси фазилат курашидир. Шозалик шайхи Абуш-Шомат Маҳмуд афандига ёзган 1913 йилги мактубида тахтини бой беришининг асосий сабаби сифатида бу талабларни қабул қилмаганлиги кўрсатилганди.

Султон Абдулҳамидни тахтдан тушириб, ҳукумат бошига чиққан иттиҳодчилар аввало султонга оид хазина-и хосса ерларини давлатлаштирдилар. Уларни дастаклаган сионистларни мамнун қилиш учун Фаластинга яҳудий кўчишини бемалол қилиб қўйишди.

Бунинг ортидан воқеанинг аҳамиятини тушуниб, Фаластинда хорижликларга ер сотишни тақиқлаган бўлишса ҳам имконни қўлдан бой беришганди. Яҳудийлар 1908-1914 йилларда 50 минг квадрат метр ер сотиб олиб, 10 дона колония қуришди. 1913 йили хазина-и хосса ерларини Ротшильдлар сотиб олди.

Усмоний аҳолини қайта рўйхатига олиш ҳужжатларига кўра, Фаластинда 1881 йили 9500; 1896 йили 12500; 1906 йили 14200; 1914 йили 31 минг яҳудий яшаган. Сионистлар 1917 йили хорижия вакили Артур Бальфур билан келишди. Яҳудий бойлигига умид қилган Британия Бальфур декларацияси билан яҳудийларга Фаластинда давлат ваъда қилди. Сурия фронти парчалангач, Фаластин инглизлар томонидан ишғол этилди.  

Инглиз бошқаруви даврида тақиқларга қарамай яҳудий кўчиши ортди. Германия фашистлари босқини ҳам буни кучайтирди. Фаластиндаги ячҳудийлар энди эгасиз ер участкаларини эгаллаб, бундан ташқари ҳукумат ёки шахслардан сотиб олиш йўли билан истаганча ер со ҳиби бўлишлари мумкин эди.

Араблар иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга туширилиб, ерларини сотишга мажбурланди. Масалан ҳосил вақтида портга келган буғдой юкланган кемалар буғдой нархининг тушишига сабаб бўларди. Бу ҳодиса келаси йил ҳам такрорлангач, аввал ерини ипотека қилдирган деҳқон энди сотишга мажбур бўларди.

Усмоний даврида аҳоли кўп солиқ тўламаслик учун ерини ўз номига қайд эттирмас ёки майдонини кам кўрсатарди. Мана шу ерлар ҳам сотиб олиш йўли билан яҳудийларнинг қўлига ўтди. 1948 йилга келиб Фаластин аҳолисининг ярмидан кўпи яҳудий ва ерларининг ҳам ярмидан кўпи уларга тегишли эди.

Яҳудий тўдалар террор ҳаракатлари билан инглизларни минтақани бўшатишга мажбурлади. Тузоққа туширилган Британия 1939 йили Бальфур декларациясининг улкан хато бўлганини эълон қилади.


Бошқа мақолалар