Сергей Лавров Reuters ходимини ҳақорат қилди


  • 10 Декабрь, 2016
  • 994

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Reuters халқаро агентлиги операторини ҳақорат қилди. Украинанинг  «Громадьске» телеканали буни тасдиқловчи видеороликни тақдим этди. Видео Лавровнинг Гамбургда Германия ТИВ раҳбари Франк Вальтер Штайнмайер билан бўлиб ўтган учрашувида тасвирга туширилган. 

Лавров даҳлиздан ўтиб кетаётиб, камерага қарайди ва Reuters операторига "What do you want? (Нима истайсиз?)" деб мурожаат қилади. Ҳеч қандай жавоб бўлмаганидан кейин у учрашув ўтадиган залга кетади ва “аҳмоқлар” (дебилы) деб қўшиб қўяди. 

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Лавров ҳеч кимни ҳақорат қилмаганлигини таъкидламоқда. Захарова ўз “Facebook” саҳифасида “Бугун эрталаб Сергей Викторович Гамбургда ўтказиладиган учрашув хонасига кетаётганида рўпарасидан камера ва микрафон кўтарган одамлар чиқди. Улар камерани ишга тушириб, микрафон тутишди. Шунда Лавров уларга инглиз тилида “Нима истайсиз?” деди. Журналистлар ўзларини таништиришмади ва саволга жавоб беришмади. Улар шунчаки лом-мим демай камерага олишда давом этишди. Сергей Викторович уларга бошқа мурожаат қилмади. Учрашув хонасига кириб кетди” деб ёзди. 

Россия ташқи ишлар вазири Лавров бу сўзни омма олдида биринчи марта ишлатиши эмас. 2015 йилнинг августида у матбуот конференцияси пайтида  микрофон олдида тўсатдан беодоб сўзни қўллаган. Охир-оқибат Лавровнинг айтган сўзлари мемга айланди.


Бошқа мақолалар