Астанада музокаралар бошланди


  • 23 Январь, 2017
  • 1006

Астанада Суриядаги вазиятни ҳал этиш бўйича музокаралар пойтахтнинг “Rixos President Astana” меҳмонхонасида бошланди. Учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Меҳмонхона қаршисидаги Қазмедиа марказида воқеларни ёритишга келган 320 хорижий ва 120 маҳаллий ОАВлар жойлашган.

Бугун эрталаб, музокаралар бошланишидан аввал Қозоғистон ташқи ишлар вазир ўринбосари Роман Василенко барча делегация бошчилари Астанага етиб келганини хабар берди. Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон ушбу музокараларга фақат мезбонлик қилишини, музокара жараёнига аралашмаслигини таъкидлади.

Сурия ҳукумати делегациясини БМТдаги доимий вакили Башар ал-Жафарий бошқармоқда. Сурия мухолифати делегацияси эса 15 та мухолифат гуруҳлари вакилларидан иборат. Россия делегациясини Россия президентининг Сурия масалалари бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев, туркия ва Эрон делегацияларини эса ушбу давлатларнинг ташқи ишлар вазири ўринбосарлари бошқармоқда.

22 январда музокаралар бошланишидан аввал Астанада Россия, Туркия ва Эрон делегациялари учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов, Россия ташқи ишлар вазирлигининг Ўрта Шарқ ва Шимолий Африка департаменти раҳбари Сергей Вершинин, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳусайн Жабар Ансорий ва турк делегацияси иштирок этди.

Бугун 23 январда бошланган музокаралар 24 январь Астана вақти билан 13.00 да якунланади. Лекин Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигида музокаралар номаълум вақтгача чўзилиши мумкинлигини истисно этмаяпти.


Бошқа мақолалар