- 2017-11-23
АҚШда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 21 мингдан ошди. Бунгача энг кўп ўлим Италияда қайд этилаётганди, аммо ҳозирда Европада вазият барқарорлаша бошлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда Covid-19 оқибатида вафот этганларнинг жами сони 21,4 мингдан ошди, жами зарарланиш ҳолатлари 535 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Бир кун олдин АҚШ бир кунда икки мингдан ортиқ бемор вафот этган дунёдаги илк давлат бўлганди.
Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомонинг сўзларига кўра штатдаги ўлим даражаси эндиликда аввалгидек кескин суръатларда ўсмаяпти. Сўнгги бир кунда Нью-Йоркда коронавирус яна 783 киши ҳаётига зомин бўлди, бу сўнгги кунлардаги статистикадан кўп фарқ қилмайди.
Шанба куни кечқурун Американинг барча штатларида коронавирус пандемияси туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Шу ҳафтада Нью-Йоркда коронавирус қурбонлари жуда кўплиги туфайли марҳумлар биродарлик қабристонига дафн этилаётгани хабар қилинганди.
Пандемия туфайли бутун мамлакат бўйлаб ижтимоий муносабатларда қатъий чекловлар ўрнатилган, президент Дональд Трамп бундай чоралар камида 30 апрелгача амалда бўлишини маълум қилган. Кўплаб саноат корхоналари ишламай қолиши ва мамлакатдаги иқтисодий вазият оғирлашиши туфайли бир неча ҳафта ичида камида 16 миллион америкалик ишини йўқотди.
Якшанба куни ҳолатига кўра, Испанияда коронавирусдан яна 619 киши ҳалок бўлди, бу шанба кунги кўрсаткичдан (510 ўлим) кўпроқдир.
Шанба кунги ўлим кўрсаткичи мамлакатда сўнгги уч ҳафтадаги энг паст кўрсаткич бўлганди. Аммо Испания ҳукумати ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар дам олиш кунларидаги таътил туфайли маълумот етказилиши кечикиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган.
Испанияда сўнгги бир кунда яна 5 мингга яқин киши вирусдан зарарлангани аниқланди, жами ҳолатлар сони 166 мингдан ошди, бу борада фақат АҚШ олдинда.
Европада коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича ҳамон Италия етакчилик қилмоқда - бу ерда 19,9 минг ўлим ҳолати қайд этилган. Мамлакатда Covid-19’дан зарарланиш ташхиси 156,3 минг кишига қўйилган.
Франция (132,6 минг ҳолат ва 14,4 минг ўлим) шанба куни кунлик ўлим ҳолатлари сони пасайгани ҳақида маълум қилди, шанба куни 635 ўлим қайд этилганди, якшанба куни қурбонлар сони 561 нафарга ошди. «Биз жуда юқори платога чиқдик, аммо бу эпидемия ҳамон фаолликни сақлаб қолмоқда», деган Франция соғлиқни сақлаш бошқармаси Жером Саломон.