- 2016-05-11
Универсиада бу студентлар спортининг халқаро федерацияси (FISU) томонидан ўтказиладиган студентлар орасидаги халқаро спорт мусобақаларидир. Мусобақаларда 17-28 ёш орасидаги студентлар, аспирантлар ва Универсиададан олдинги йил битирувчилари иштирок этади.
Қозоғистон Универсиадада 1993 йилдан бошлаб иштирок эта бошлади. Бу йилгача 700 дан ортиқ спортчилар қатнашиб, 125 дан ортиқ медаллар қўлга киритилди.
2011 йил 29 ноябрда студентлар спорти федерацияси Алмати шаҳрини 2017 йили 28-бутунжаҳон қишки Универсиадага мезбон деб эълон қилди. Қозоғистон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб, қишки Универсиадани ўтказмоқда.
Универсиада-2017 Алмати шаҳрида 2017 йил 29 январдан 8 февралгача ўтказилади. Қишки Универсиада ташкилий қўмитасини Қозоғистон бош вазир ўринбосари Имонғали Тасмағамбетов бошқаради. Қозоғистонда Универсиаданинг қишки ўйинларини ўтказиш ташаббускори студентлар спорти халқаро федерацияси ҳисобланади.
Алматида ўтказиладиган қишки Универсиадада 55 та давлатдан 2000 дан ортиқ спортчилар иштирок этади. Мусобақаларни ўтказиш жараёнида мамлакат ва хориждан 3 мингдан ортиқ волонтерлар қатнашади. Универсиадага 30 мингдан ортиқ хорижий меҳмон ва турист кутилмоқда.
Телеаудитория эса 1 миллиарддан ортиқ бўлиши режалаштирилмоқда. Мусобақа трансляциялари дунёнинг 80 давлатига узатилади.
Қишки Универсиада мусобақалари 12 спорт тури бўйича ўтказилади:
Биатлон;
Тоғ-чанғи спорти;
Кёрлинг;
Конькида учиш спорти;
Чанғи иккикураши;
Чанғи пойгаси;
Чанғида трамплиндан сакраш;
Сноуборд;
Фигурали учиш;
Фристайл;
Шайбали хоккей;
Шорт-трек.
Мусобақалар 8 та спорт объектларида ўтказилади:
“Шымбулақ” тоғ-чанғи курорти;
“Медеу” тоғ спорт комплекси;
“Сунқар” чанғи трамплинлари халқаро комплекси;
Б.Шолақ номидаги спорт ва маданият саройи;
“Алатау” чанғи ва биатлон стадионлари комплекси;
“Табаған” спорт комплекси;
Алмати Арена;
Халқ Арена.
Юқоридаги спорт объектларидан иккитаси Халқ Арена ва Алмати Арена Универсиада учун янги қурилган. Бундан ташқари Универсиада тарихида илк бор спортчилар учун махсус шаҳарча қурилди.