Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами


  • 10 Март, 2017
  • 1023

Ўзбекистон Тожикистонга қарийб 60 тонна миқдоридаги инсонпарварлик юкларини жўнатди. Ушбу юклар мамлакатнинг кўп миқдорда ёққан қор келтириб чиқарган табиий офатдан зарар кўрган тоғли туманлари аҳолисига мўлжалланган.

Нафақат катта миқдордаги иқтисодий зарар келтирган, балки инсонлар ўлимига ҳам олиб келган табиий офатдан азият чеккан қўшни мамлакатга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ҳукумат томонидан қабул қилинди.

Инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари, қурилиш материаллари, кўмир, иссиқ кийимлар ва бошқа тез ёрдам товарларини ўз ичига олган.

Юк машиналари 7 март куни эрта тонгда Тожикистон билан чегарадош бўлган Сурхондарё вилотининг Узун туманига етиб келди.

Бу ерда инсонпарварлик юкларини олиб келган Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясини Узун тумани ҳокимлиги вакиллари, таълим муассасалари ходимлари, ёшлар ва меҳнат фахрийлари кутиб олишди.

“Сариосиё” чегара пунктидан ўтганидан сўнг Ўзбекистон делегацияси Тожикистоннинг чегара ҳуддудида жойлашган Турсунзода шаҳрига етиб келди. Бу ерда Ўзбекистон делегациясини Тожикистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси Рустам Назарзода, мамлакатнинг қатор вазирлик ва идоралари вакиллари, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шоқосим Шоисломов кутиб олди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг юк ортилган машиналар карвони пойтахт шаҳар – Душанбега қараб йўл олди.

Тожикистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси Рустам Назарзода табиий офатдан жабрланганларга кўмак кўрсатиш юзасидан Душанбе минтақанинг қатор давлатларига ҳамда халқаро ташкилотларга мурожаат этганини маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ўз қўшнисига ёрдам қўлини чўзди.


Бошқа мақолалар