- 2019-10-22
Қозоғистоннинг “ҚТЖ МК” АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Қозоғистоннинг “ҚТЖ МК” АЖ вакиллари учрашувида икки мамлкат ҳукуматлари ўртасидаги “Алмати-Тошкент” халқаро йўловчи ташиш поезди қатновини йўлга қўйиш бўйича келишувнинг техник томонлари муҳокама қилинди.
Учрашув натижаларига кўра, поездаларда жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ва уларнинг кузатувчилари учун 70 фоизлик чегирмалар бериш, юкларни олиб ўтиш ва юкхоналар бўйича қоидалар ҳамда поезд ҳаракатининг вақти бўйича бир тўхтамга келинган, дейилади Қозоғистоннинг “Йўловчи ташиш” АЖ Ахборот хизмати тарқатган хабарда.
Шунингдек, хабарда Наврўз байрами арафасида “Алмати-Тошкент” поезди ҳаракати йўлга қўйилиши ҳамда поезд таркиби “Тулпор-Талго”нинг узун кузовли янги модификациядаги вагонларидан иборатлиги маълум қилинган.
Поезд Алматидан Тошкентга душанба ва шанба кунлари жўнаса, Тошкентдан сешанба ва якшанба кунлари ҳаракатланади. Ҳаракат вақти 16 соат 30 дақиқани ташкил қилади.
Алматигача “Отар”, “Чу”, “Тараз”, “Чимкент”, “Сариагаш” бекатларида тўхтаб ўтади.
Алишер Равшанов