Йўқолган олим топилди


  • 20 Март, 2017
  • 1006

Уч йилдан бери қидирилаётган ядро физик олим скамейкада топилди.

Қозоғистоннинг Алмати шаҳридаги кўчаларда дайдиб юрган уйсиз кишининг аслида Россиянинг Новосибирск шаҳридан ядро физик Юрий Образцов эканлиги ва номаълум кимсалар томонидан ўғирлаб кетилиб, бир неча йиллар қулликда қолгани маълум бўлди.

Алматида совуқ ҳаво бўлишига қарамай, савдо маркази қаршисидаги скамейкада узов вақтдан бери ўтирган усти-боши кир киши савдо ходимларининг диққатини тортди. Ходимларнинг саволларига жавоб берган Юрий Образцов йиллар давомида қулликда яшаганлигини, у ердан қочганлигини лекин пули ва паспорти бўлмагани учун уйга қайта олмаётганини айтди.

Баъзи меҳрибон кишиларнинг ижтимоий тармоқ орқали яқинларини қидиришни бошлаши ва Новосибирсклик махсус қидирув ходимлари билан алоқа ўрнатишидан кейин Образцовнинг лазер физикаси институтида ядро физика мутахссиси бўлиб ишлагани ва 3 йилдан бери федерал қидирувда эканлиги маълум бўлди.

Образцов кейинчалик журналистларга берган интервьюсида Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкентдаги дўстлари билан учрашиш учун йўлга чиққанлигини, Қозоғистондан ўтаётганида поезд вокзалида танимайдиган кимсалар тарафидан автомобилда фермага олиб борилганлигини айтди. Образцов уч йилгача у ердан қоча олмай, фермадаги сигирларга қарашга мажбур бўлганлигини билдирди.

Образцов “Ифлос тўшаклар устида ухлардик. Нима топсак ердик, буғдой, сигирлардан ортиқ қолган қолдиқларни... Кўп калтаклашарди, ҳатто бир сафар калтаклар оқибатида чап қулоғим лат еб, яхши эшитмай қолди” деди.

Образцов сўнгги кунларда бошқа кўнгиллилар билан унга ёрдам берган ва Новосибирскга бориши учун билет олиб берган Расул Байрамуковнинг уйида қолмоқда. Россия ички ишлари вазирлигининг ҳам воқеани ўрганиши билдирилди. 


Бошқа мақолалар