- 2019-05-15
2019 йил 1 январдан Қозоғистонда чипли техпаспортлар муомалага киритилади. Ҳозир Ички ишлар вазирлигида қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Ички ишлар вазири буйруғига кўра, 2019 йил 1 январгача берилган транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномалари кейинги қайдгача яроқли бўлади. Янги техпаспортлар босқичма-босқич берилади. Ҳозирча қандай шаклда эканлиги номаълум. Янги ҳужжат анча кичик бўлиб, унинг шакли ва ўлчами ўзгаради (тахминан 5,4 га 8,6 сантиметр). Натижада уни портмонеда олиб юриш имкони туғилади.
Техпаспортлар ультрасиёҳранг ҳимоя элементлари ва электрон микросхема билан жиҳозланади. Микросхемада автомобилга тегишли бўлган барча маълумотлар киритилади. Жумладан, давлат қайд рақами, гувоҳнома серияси ва қацд рақами, гувоҳнома берилган сана, транспорт воситаси маркаси, модели, ишлаб чиқарилган йили, транспорт воситаси категорияси, ҳисобдан чиқариш белгиси, идентификация рақами (VIN); умумий вазни, двигатель ҳажми, рухсат берилган максимал вазн, автомобиль ранги, техпаспорт эгаси, эгасининг манзили, алоҳида белгилари, биринчи қайд санаси, транспорт воситасини қайта жиҳозлаш ҳақида маълумот ва бошқа маълумотлар бўлади. Лозим бўлганда ўзгартириш ва қўшимча қилиш имконияти бўлади. ИИВ расмий вакили Алмас Садубаевнинг айтишича, эски техпаспортларни янгисига алмаштириш мажбурий бўлмайди. Янги техпаспорт қайта қайд қилинаётганда берилади. Эски техпаспортлар эса муддати чекланмаган тарзда муомалада бўлади. Техпаспорт учун давлат божи ҳам ўзгаришсиз қолади.