Россиядан Ўзбекистонга 2016 йилда қанча пул юборилгани маълум қилинди


  • 21 Март, 2017
  • 1063

2016 йилда жисмоний шахслар томонидан Россиядан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари миқдори 2,741 млрд долларни ташкил қилди. Ушбу қиймат бу борада энг юқори кўрсаткич қайд қилинган 2013 йилгидан деярли 60 фоиз камроқни ташкил қилган. Бундан Россия Марказий банки сайтида жойлаштирилган маълумотлар дарак бермоқда.  

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида пул ўтказмалари ҳажми бўйича етакчи ҳисобланади ва барча контрагент давлатлар (ўзаро ташқи савдо айланмаси амалга оширувчи давлатлар)  ўртасида Швейцариядан кейин (5,1 млрд доллар) 2-ўринни эгалламоқда. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2016 йилнинг 1-чорагида 378 млн доллар (МДҲда 1-ўрин), 2-чоракда – 696 млн доллар (1), 3-чоракда – 939 млн доллар (1) ва 4-чоракда 728 млн доллар (1) жўнатилган. 

2016 йил натижаларига кўра, бир пул ўтказмасининг ўртача қиймати 279 долларни ташкил қилган. 

2016 йилда МДҲ давлатлари орасида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми бўйича 2-ўринни Тожикистон (1,9 млрд доллар), 3-ўринни Қирғизистон (1,7 млрд доллар) ва 4-ўринни Украина (1 млрд доллар) эгаллаган.

Россияда 2013 йилдан бери биринчи марта нетто-миграция (давлатга келаётган ва ундан кетаётган одамлар сони) оша бошлади. 

Маълумотларга кўра, миграция ҳажми бўйича 2014 йилда қайд қилинган энг юқори кўрсаткичга нисбатан охирги 3 йил ичида Россияда асосий меҳнат миграцияси донор-давлатлари фуқаролари сони: Ўзбекистондан 30 фоизга, Тожикистондан 13 фоизга камайган. Шунингдек, 3 йил ичида Озарбойжон ва Молдовадан келган муҳожирлар сони ҳам қисқарган. 

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар