- 2024-05-02
Қозоғистонда бугунгача икки хил соат зонаси муомалада бўлиб, шарқий ҳудудлар Гринвичдан +6 соатга, ғарбий ҳудудлар эса +5 соатга фарқланар эди. Ҳукумат ўлка ичида кўплаб муаммоларни туғдирадиган соат фарқига барҳам бериш учун анча вақтдан бери бош қотираётган эди. Ниҳоят 1 март 2024 йилдан бошлаб бутун ўлкада ягона соат зонасига ўтишга қарор қилинди.
Бугундан бошлаб бутун Қозоғистон янги соат минтақаси UTC+5 бўйича яшашни бошлади.
Ўлканинг катта қисми ўз соатларини бир соат орқага сурди. Энди бутун Қозоғистонда ягона вақт ўрнатилди. Соат сурилиши қуйидаги шаҳар ва вилоятларда бўлди:
Астана;
Алмати;
Чимкент;
Ақмўла вилояти;
Алмати вилояти;
Жамбил вилояти;
Қарағанда вилояти;
Қўстанай вилояти;
Павлодар вилояти;
Шимолий Қозоғистон вилояти;
Туркистон вилояти;
Шарқий Қозоғистон вилояти;
Абай вилояти;
Жетису вилояти;
Улитау вилояти.
Соатни суриш нимага керак бўлди?
Мутахассисларнинг фикрича, UTC+5 соат минтақаси бу Алмати, Астана, Чимкент, Шимолий Қозоғистон вилояти, Қарағанда вилояти, Семей, Талдиқўрғон шаҳарларининг табиий соат минтақаси ҳисобланади. Шу тариқа 12 та вилоят ўзининг соат минтақасига қайтади. Ғарб вилоятларида (Манғистау, Атирау, Ақтўбе, Ғарбий Қозоғистон ва Қизилўрда вилоятларида) соат сурилиши бўлмайди.
Бизнинг организмимизда биологик ритм мавжуд бўлиб, булар ёруғлик ва қоронғиликка боғлиқ бўлган табиий 24 соатлик жисмоний, руҳий ва феълий жараёнлардир. Соатнинг орқага сурилиши натижасида табиий ритмда бироз тўхталишлар бўлади. Яъни бизнинг организм уйғониб бўлганида яна бир соат ухлашга тўғри келади. Одам соат минтақасини ўзгартирганида унга ўрганиши учун бир сутка керак бўлади. Мутахассислар бу борада ухлаш вақтини янги соат минтақасига аста-секин суриб боришни тавсия этади.