- 2022-04-12
Туркиянинг "Bayraktar Kızılelma" номли учувчисиз қирувчи аппарати синовлар давомида
"ҳаво-ҳаво" ракеталари билан самолётни муваффақиятли нишонга олди. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бу жаҳон авиацияси тарихида мисли кўрилмаган воқеадир.
Синов Синоп шаҳри яқинидаги полигонда бўлиб ўтди. "Baykar" компаниясининг хабар беришича, учувчисиз учиш аппарати реактив двигателга эга юқори тезликдаги нишон-самолётни уриб туширди. Нишон "Kızılelma"га ўрнатилган радар орқали топилиб, кузатиб борилган.
Радар нишонни аниқ қайд этгач, "Kızılelma" қанотидан "ҳаво-ҳаво" ракетасини учирди. Ишлаб чиқарувчи мақсад "мутлақ аниқлик билан" уриб туширилганини қайд этди.
Таъкидланишича, дунёда ишлаб чиқилаётган учувчисиз қирувчи самолётларнинг кўпчилиги ердаги объектларга зарба беришга мўлжалланган.
"Ҳозиргача бошқа ҳеч бир учувчисиз учиш аппарати платформаси ҳаводаги объектга муваффақиятли зарба бера олмаган эди. "Kızılelma" "ҳаво-ҳаво" зарбасини бериш қобилиятини намойиш этган дунёдаги биринчи ва ягона учувчисиз учиш платформаси бўлди ва авиация тарихида янги боб очди", дейилади хабарда.
Синовда Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг бешта F-16 қирувчи самолёти иштирок этди. Улар "Kızılelma" билан биргаликда парвоз қилиб, келажакдаги бошқариладиган ва учувчисиз учиш аппаратларининг қўшма операциялари концепциясини синовдан ўтказдилар.
Қайд этилишича, учувчисиз қирувчи самолёт ўзининг илғор борт сенсорлари, "уни кўрмасдан кўриш, унга ҳужум қилинмасдан зарба бериш" концепцияси туфайли душман самолётларини жуда катта масофалардан аниқлай олади.
"Baykar" 37 та давлат билан экспорт шартномаларини имзолаб, дунёдаги энг йирик УУА ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Экспорт компания даромадининг 90 фоизини таъминлайди.