- 2022-11-30
Англия полицияси Лондонда юз берган терактда ҳалок бўлганлар сони бештага етганини билдирди.
Англия пойтахти Лондонда 22 март чоршанба куни туристлар кўп сайр қиладиган Вестминстер туманида теракт амалга оширилди. Террорист Вестминстер кўпригида ижарага олинган автомобилни пиёда одамлар устига ҳайдаб, сўнгра Англия парламенти биносининг темир дарвозаларига урилиб тўхтаган. У автомобилдан чиқиб, шу ерда постда турган бир полиция ходимини пичоқлаб ўлдирган. Террорист бошқа полициячилар тарафидан отиб ўлдирилди.
Терактни барча кутгандай ДАИШ (Қозоғистонда тақиқланган ташкилот) ўз зиммасига олди. Инглиз полицияси террористнинг 52 ёшли Халид Масуд исмли Британия ватандоши эканлигини маълум қилди. Масуд бундан аввал ҳам тан жароҳати етказиш, жамоат тартибини бузиш ва рухсатсиз ўқотар қурол сақлаш каби жиноятларни содир этганди. Лекин террор ташкилотлари билан алоқадорликда гумон қилинмаган эди.
Бу орада полиция маҳаллий соат 20.30 ларда Лондондаги бош вазир резиденцияси яқинида ташлаб кетилган бир сумка назорат остида портлатилганини билдирди.
Англия бош вазири Тереза Мей парламентда берган баёнотида террористнинг Британия ватандоши эканлигини ва разведка ташкилотлари тарафидан кузатувда бўлганлигини айтганди.
Терактда инглиз полиция ходими Кейт Пальмер (48), АҚШлик турист Курт Кохран (54), отаси кипрлик турк бўлганлигини айтилган Ойша Фрейд (43), шахси номаълум 75 ёшли эркак ва террористнинг ўзи бўлиб, жами 5 киши ҳалок бўлди. Ҳодисада 28 киши турли даражадаги тан жароҳати олган.