- 2020-11-20
ИШИДни йўқ қилиш ниятида бўлган Бағдод ҳукуматига АҚШдан 61, Қувайтдан 300 танк юборилмоқда. 357 минг нафар сунний эса жанг қилиш учун аскарликка ёзилди.
ИШИДга қарши Кобани ва Шангалда курд кучларининг кенг қамровли ҳарбий амалиётлари давом этаётганда Ироқ марказий бошқаруви ҳам Мусулдан бошлаб, ИШИД ишғол қилган марказларга ҳужумлар уюштирмоқда. Мусул шаҳри атрофида катта жангга тайёргарлик учун шаҳарнинг атрофидан ҳандақлар (окоп) қазилмоқда. “Rûdaw”нинг хабарига кўра, ИШИДга қарши тайёргарлик кўраётган Ироқ армиясига АҚШ тарафидан танклар берилади. Ироқ парламенти Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши аъзоси Мажид Гаравий Вашингтон билан Бағдод орасидаги ҳарбий келишувга биноан ИШИДга қарши жангда Ироқ армиясини кучайтириш мақсадида январь ойининг бошида 61 та Абрамс танки юборишини, Қувайт эса 300 та танк беришини айтди. АҚШ мудофаа вазирлигидан бир манба Вашингтоннинг Афғонистондан 3100 минага қарши зирҳларни Қувайтдаги қароргоҳга топширилганини хабар берганди. Қувайтда жойлаштирилган ҳарбий аслаҳалар Мусул операциясида ишлатилиши маълум қилинди.
Ироқ сунний аҳли суннат ва жамоат фатво ҳайъати эса 357 минг кишининг кўнгилли сифатида ИШИД ташкилотига қарши жанг қилиш учун аскарликка ёзилганини билдирди. Ўтган ҳафта Нинова вилояти парламентларидан ташкил топган ҳайъат Бош вазир Ҳайдар Ободий билан учрашганидан кейин “Бош вазирнинг Мусул шаҳрининг Башика, Гувар ва Робиа туманларида 3 та ҳарбий қароргоҳ ташкил қилишга кўрсатма берганлигини, лекин лойиҳа амалга ошмаганлигини” билдирганди. Бироз вақт аввал Бағдодга хизмат сафари билан келган АҚШ сенатори Жон Маккейн минтақадаги сунний қабилаларнинг лидерлари билан учрашиб, ИШИД муаммоси ҳақида сўз юритишганди.