- 2024-10-22
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сўнгги ойларда Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги муносабатлар янги босқичга чиққанлиги ҳақида гапирди.
“Фақат охирги 5 ойда давлатларимиз ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ўсган, янги маҳсулотларни етказиб бериш йўлга қўйилган. 4та савдо уйи очилди, Ўзбекистонга буғдой экспорти ҳажми 30 фоизга ортди, Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар импорти ҳажми 25 фоизга ўсди. Бу эса Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти савдо учун барча имкониятларни очиқ қилиб қўйгани ва тўсиқларни олиб ташлагани эвазигадир”, дея қайд этган Назарбоев.
Нурсултон Назарбоев яна “Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида бугунги кунда на ҳудудий, на чегаравий, на сиёсий, на иқтисодий муаммолар бор. Биз халқларимиз учун яхши ишлар амалга оширишга тайёрмиз” деб қўшимча қилди.
«Астана ва Тошкент икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларда ҳамкорлик қилиш борасида Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардир. Давлатларимиз ўртасида ўтган йили маҳсулот айланмаси ҳажми 2 миллиард долларга яқинни ташкил қилган. Савдо ҳажми ўсиши 16 фоизга тенг бўлган», дея президентнинг сўзларини келтирган «Казинформ».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев 22-23 март кунлари хизмат сафари билан Астана шаҳрида бўлди.