- 2019-08-28
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси вакиллари билан учрашди. Бу учрашувда президент ёш йигитларнинг калта шим кийиб, соқол қўйишлари анъаналаримизга мос келмаслигини, буларни қонунчилик даражасида тақиқлашни таклиф қилди. Учрашувда Нурсултон Назарбоев ёш авлод орасида диний билимсизликка алоҳида тўхталиб ўтди.
Нурсултон Назарбоев “Диний маърифатсизлик натижасида бизнинг ёшларимиз соқол қўйиб, шимларини калта қилиб олишмоқда. Қозоғистонлик қизлар орасида бошдан-оёқ қоп-қора ҳижобга ўраниб олиш ҳолатлари кузатилмоқда. Булар бизнинг анъаналаримизга мос келмайди. Қозоқлар қора либосни фақат аза пайтида кийишган” деди. Қозоғистон президенти қозоқ маданият тарихи ва аёлларнинг анъанавий либоси ҳақида эслатиб ўтди. Қора либос билан диннинг бир-бирига алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Президент "Агар ёшлар халқимизга ёт бўлган ғояларга эргашадиган бўлса, давлат нима бўлади? Биз бунга йўл қўймаймиз. Мустақил Қозоғистон порлоқ келажакка эга бўлиб, бутун халқ бирдам бўлиши лозим. Бизнинг мақсадларимизга қарши чиққанларга тоқат қилиб ўтирмаймиз. Бу нафақат давлат аппарати манффати, балки бутун Қозоғистон халқининг манфаатидир" деди.