Жапаров расман Қирғизистон президенти сифатида лавозимга киришди


  • 28 Январь, 2021
  • 304

Садир Жапаров Бишкекда ўтказилган маросимда давлат раҳбари лавозимида мамлакат халқига хизмат қилишга қасамёд қилиб, расман Қирғизистон президенти сифатида иш бошлади.

Инаугурация маросими Миллий филармония биносида ўтказилган.

Мамлакат марказий сайлов комиссияси раҳбари Нуржан Шайлдабекова янги президентга давлат раҳбари рамзлари — кўкрак нишони, штандарт ва давлат раҳбари гувоҳномасини топширган. Олтин ва кумушдан ясалган кўкрак белгиси индивидуал ҳисобланади, унга президентнинг исм-шарифи ўйиб ёзилган.

Маросим чоғида Жапаров ўтган йил кузида мамлакатда юзага келган сиёсий инқироздан чиқишда Россия томонидан ёрдам кўрсатилганини таъкидлаган.

«Қирғизистондаги сиёсий воқеалар вақтида Россия томонидан кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдиришни истардим. Қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ёрдамини ҳам қайд этишимиз керак», деган қирғизистонликларнинг янги етакчиси.

Жапаров ўтган йил октябрида Қирғизистонда парламент сайловлари ортидан рўй берган тартибсизликлар натижасида ҳокимиятга келди ва бош вазирликка сайланди. Аввалги президент Сўронбой Жээнбеков истеъфога чиққач, Жапаров президент вазифасини бажарувчига айланди, кўп ўтмай мамлакатда 2021 йилнинг 10 январида муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланди. Сайловда номзод сифатида иштирок этиш учун Жапаров вақтинча президентликдан кетди ва бош вазир вазифасини бажаришни ҳам тўхтатди. 20 январ куни Марказий сайлов комиссияси овоз бюллетенлари 100 фоиз ҳисоблаб чиқилгани ва Жапаров 79,23 фоиз овоз олганини эълон қилди. Сайловда давомат 30 фоиз атрофида бўлган.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар