Ҳавосиз шиналар 2019 йил сотувга чиқади


  • 29 Апрель, 2017
  • 902

“Bridgestone” япон компанияси икки йилдан кейин “Air Free” деб номланувчи  тешилмайдиган шиналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бир неча йил аввал “Bridgestone” ҳавосиз шина “Air Free Concept” прототипини намойиш этганди.  У покришканинг ички томонида жойлашган спицаларнинг ноёб структурасига асосланган эди. Бундай конструкциянинг эътирозга ўрин қолдирмайдиган 2 та устунлиги бор эди: шинага дам бериш керак эмас ва уни тешиш мумкин эмасди. Қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига бир нечта намуналар тақдим этилди.

Энди “Bridgestone” 2019 йил велосипедлар учун “Air Free” ҳавосиз шиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Равонликни таъминлаш учун хизмат қиладиган эгилувчан спицалар махсус термопластик каучукдан тайёрланган. У бутунлай қайта ишлашга мўлжалланган материал ҳисобланади. “Air Free” технологияси ҳозирча юқори тезликка мўлжалланмаган. Ҳавосиз шиналарни мотоцикл ва автомобиль каби тарнспорт воситаларида фойдаланиш учун мувозанат муаммосини ҳал қилиш керак. Ундан ташқари конструкциясининг ўзига хослигини назарада тутсак, катта тезликда покришкага жуда катта марказдан қочувчи куч таъсир қилади. Балки, келажакда бу муаммолар ҳал этилади. Ҳозир ҳавосиз шиналар устида кўплаб шина ишлаб чиқарувчи компаниялар иш олиб бормоқда. Масалан, “Michelin” ҳозир бундай шиналарни гольф-карт, майсани ўрадиган машина ва кичик қурилиш техникаларида фойдаланмоқда. 


Бошқа мақолалар