“Номаълум модда” 3 кишининг ҳаётига зомин бўлди


  • 21 Май, 2026
  • 9

АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги уйлардан бирида “номаълум модда”дан заҳарланган 3 киши ҳаётдан кўз юмгани билдирилди. Воқеа жойига етиб келган биринчи тиббий ёрдам гуруҳининг 18 нафар аъзоси ҳам касалхонага ётқизилгани, улардан 2 нафарининг аҳволи оғир экани қайд этилди.

Нью-Мексико расмийларининг маълум қилишича, биринчи ёрдам гуруҳи ушбу штатнинг Альбукерке шаҳридаги уйлардан бирига “моддани ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш” (дозани ошириб юбориш) шубҳаси билан чақирилган. Мутасаддилар уйдаги 4 кишининг “номаълум модда” таъсири натижасида ҳушсиз ҳолатда топилганини, улардан 3 нафари вафот этганини, яна бир кишининг эса даволаниши давом этаётганини хабар қилдилар.

Ёрдам кўрсатиш жараёнида мазкур модда таъсирига учраган биринчи ёрдам гуруҳининг 18 нафар аъзосида ҳам кўнгил айниши ва бош айланиши каби аломатлар кузатила бошлаган. Шундан сўнг гуруҳ шифохонага юборилган. Расмийлар биринчи ёрдам ходимлари карантинга олингани ва назорат остида ушлаб турилганини, 2 нафар ходимнинг аҳволи эса оғир эканини билдирдилар.

Ушбу модда турини аниқлаш мақсадида ўт ўчириш хизмати воқеа жойида текширув ишларига жалб этилган. Дастлабки хулосаларга кўра, аҳоли саломатлигига таҳдид соладиган хавф мавжуд эмас.


Бошқа мақолалар