Қароқчи давлат террори


  • 10 Июнь, 2025
  • 27

2025 йил 1 июн куни Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиш мақсадида йўлга чиққан "Мадлин" кемасига Исроил ҳарбий кучлари томонидан халқаро сувларда ҳужум уюштирилди. Кема Ғазо соҳилидан 185 километр узоқликда тўхтатилди. Кема бортида иккита турк фаоли ҳам бўлган 12 нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бор эди. Улар Исроил армияси томонидан куч билан ушланди ва алоҳида камераларга жойлаштирилди. Маълумотларга кўра, Исроил аскарлари кемага ҳужумдан олдин номаълум оқ рангли кимёвий модда сочган, бу модда фаолларнинг кўзларидан ёш оқизган.

Кемада бўлган фаоллардан бири — Ясемин Акарнинг маълум қилишича, ушбу кимёвий модда унинг кўзларига қаттиқ таъсир қилган. Шундан сўнг Исроил аскарлари кемага босқин уюштириб, телефонларни ўчиришни талаб қилган ва кемани Ашдод портига олиб кетишган. Исроил Мудофаа вазири Исраэл Кац фаолларга 2023 йил 7 октябрдаги воқеаларга оид видеоматериаллар кўрсатилишини айтди.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса фаолларнинг асосий мақсади “жамоатчилик эътиборини тортиш” эканини таъкидлаб, “селфи яхтаси” деб атаган ушбу кема хавфсиз равишда Исроилга етказилганини, йўловчилар тез орада ўз юртларига қайтарилишини маълум қилди. Бироқ Исроил матбуотида тарқалган хабарларга кўра, фаоллар Рамла шаҳридаги Гивон қамоқхонасида алоҳида камераларга жойлаштирилиши, уларга қамоқ либослари кийгизилиши ва ҳар қандай алоқа воситаларидан маҳрум қилиниши режалаштирилган.

Бу воқеадан сўнг Тунисдан ҳам “Мағриб Қаршилиги Конвойи” деб номланган ташаббус доирасида янги инсонпарварлик ҳаракати бошланди. Мавритания, Марокаш, Жазоир ва Тунисдан юзлаб фаоллар иштирокидаги 12 та автобус ва 100 дан ортиқ машинадан иборат конвой Қоҳирада жамланиб, Ариш шаҳри орқали Рафаҳ чегара пунктига 50 километрлик пиёда юришни режалаштирмоқда.

Кемадаги фаолларнинг қўлга олиниши дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан Франция ва Италияда Исроилга қарши оммавий намойишларга сабаб бўлди. Намойишчилар “Флотга эркинлик” ва “Ғазога қўйилган блокадани тугатинг” каби шиорлар билан чиқиш қилди.

Туркия, Франция, Испания ва бошқа кўплаб давлатлар Исроилнинг ушбу хатти-ҳаракатини кескин қоралади. Франция ҳукумати Исроилдан ушланган фаолларни имкони борича тез ватандошлари сифатида фуқаролик ҳуқуқлари кафолати билан озод этишни талаб қилди.

Испания Ташқи ишлар вазирлиги эса Исроилдаги элчихона дипломатини чақириб, кемадаги испан ватандоши ва унинг оиласи билан алоқада эканини маълум қилди.

Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар ҳам ушбу ҳужумни қоралади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳужумни "халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан қароқчилик" деб атади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластин бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе эса "Мадлин" кемасининг озод қилиниши ва Ғазога қўйилган блокаданинг тугатилишини талаб қилди.


Бошқа мақолалар