- 2019-07-11
Қозоғистон инвестиция ва ривожланиш вазирлиги вазир ўринбосари бундай ҳолатларда полицияга арз қилишни тавсия этди.
EXPO-2017 кўргазмасига билетларни баъзи қозоғистонликларга мажбурий сотилиш фактлари жуда уятли ҳолат. Қозоғистон инвестиция ва ривожланиш вазирлиги вазир ўринбосари Роман Скляр матбуот анжуманида қуйидагича фикр билдирди:
“Агар шундай фактлар бўлса, буларни бартараф этиш керак. Кўргазмада қатнашиш халқимиз учун шараф бўлиши керак деб ўйлаймиз. Бу улкан воқеа бўлиб, бир умрга эсда қолади. Агар кимдир бу билетларни мажбурлаб сотаётган бўлса, бу албатта, якка ҳолатда ўрганилиши керак бўлган жуда уятли ҳолатдир”.
Вазир ўринбосари фикрича, кўпчилик аҳоли кўргазмага келишни ўзлари хоҳлашмоқда.
Роман Скляр: “Мен вилоятларга борганимда кўпчилик аҳоли кўргазма очилишини орзиқиб кутмоқда. Пойтахтга келиб, ушбу тадбирни ўз кўзлари билан томоша қилиш истагида эканликларини айтишмоқда. Масалан, бир олимпиада ўйинига бора олмасак, кейингисига бориш учун тўрт йил кутишга тўғри келади. Лекин ЕХРО бир марта бўлади ва бошқа такрорланмайди” деди.
Одамлар билет сотиб олишга мажбурланган тақдирда ҳам уларни олмаслиги, бу факт ҳақида тегишли органларга хабар бериши кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда ЭКСПО-2017 ташкилотчиси бўлган миллий компаниянинг ишонч телефонига билетларни мажбурлаб сотаётганлиги ҳақида 300 дан ортиқ шикоят тушган.
Бу ҳақдаги биринчи факт 22 декабрда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Ўшанда Астанадаги мактаблардан бирида ўқитувчиларга кўргазма билетлари мажбуран сотилаётгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқ орқали тарқалди. Миллий компанияда ушбу ҳолат вилоятдаги ижро ташкилотларининг билетларни нотўғри тақсимлаши сабабли бўлганлигини айтганди.